ВЛАДИСЛАВ НИКОЛАЕВИЧ 62 ЁШГА ТЎЛДИ!

ВЛАДИСЛАВ НИКОЛАЕВИЧ 62 ЁШГА ТЎЛДИ!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, “Севинч” жамоасининг бош мураббийи , жамоа ютуқларига улкан меҳнати синган, жонкуяр устоз –  Владислав Николаевич Хан бугун 62 ёшга тўлди.

2003 йилдан “Севинч” клубида фаолиятини бошлаган Хан В.Н. ҳозирги пайтгача жамоага устозлик қилиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз аёллар футболида фаолият юритаётган ҳеч бир мураббий Владислав Николаевичдек катта ютуқларга эриша олмаган. “Севинч” жамоаси  унинг мураббийлик даврида ўн икки марта Ўзбекистон чемпиони, тўққиз марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби, икки карра Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби, мини футбол бўйича ўн тўрт марта мамлакат чемпиони,  тўққиз  марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби. Пляж (соҳил) футболи бўйича  етти марта Ўзбекистон чемпиони ва шунча марта Ўзбекистон кубоги соҳиби. Шунингдек Владислав Николаевич қўл остидаги “Севинч” жамоамиз қатор халқаро турнирларда ҳам ғолибликни қўлга киритган. Бундан ташқари Владислав Хан мамлакатимизнинг аёллар терма жамоасида ҳам эътирофга лойиқ ютуқларга эга бўлган.

Владислав Николаевичнинг ўзбек аёллар футболини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси беқиёсдир. “Севинч”даги ўн олти йиллик фаолиятида сон-саноқсиз шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирги кунда унинг  шогирдлари мамлакатимизнинг деярли барча аёллар жамоасида топилади.  Улар орасида  мураббийлик билан шўғулланаётганлари ҳам кўп.

Владислав Николаевични бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам тажрибали мураббий сифатида эътироф этилади.

“Севинч” ПФК раҳбарияти, мураббийлари, футболчилари ва барча ходимлари, қолаверса миллионлаб  футбол ишқибозлари  номидан Владислав Николаевичнинг бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этамиз!

У кишига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва бахт саодат тилаймиз.

Доимо соғ ва омон бўлинг қадрли Владислав Николаевич!

 

“Севинч” ПФК жамоаси