“СЕВИНЧ” – ЎН КАРРА ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ СОҲИБИ!

“СЕВИНЧ” – ЎН КАРРА ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ СОҲИБИ!

Бу йилги аёллар ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги финали “Севинч” ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна W” жамоалари ўртасида бўлди. Финалга ОГМК спорт мажмуаси мезбонлик қилди.

Жамоамиз ўз тарихида ўн тўртинчи марта Кубок финалида иштирок этган бўлса, “Сўғдиёна W” жамоаси ўз тарихида илк марта  финалда иштирок этди.

Ушбу финал учрашуви ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 30 дақиқаси деярли тенг курашлар остида кечди. Аммо вақт ўтган сайин жамоамизнинг майдондаги тартибли ҳаракати ва босимлар орқали ҳужумлар ташкил этиши, “Сўғдиёна W” жамоасининг ҳимоячиларини хато қилишга мажбур этди. 37-дақиқада ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумда тажрибали футболчимиз Танзиля Зарбиева жонбозлик кўрсатди. У жарима майдончага яқин келиб, тўпни шерикларига ошириб берди. Бу вазиятда Нилуфар Қудратовани яхшигина қўриқлаётган ҳимоячилар бошқа футболчимизни назаридан четда қолдиришди. Шахноза Қурбонова деярли бўш дарвозани ишғол қилишга эришди – 1:0. Бу гол жамоамиз футболчиларини кайфиятини кўтариб юборди. Уларда ғалабага бўлган ишонч ҳам ортди. Энди “Сўғдиёна W” дарвозасига кетма-кет ҳужумлар ташкил этила бошланди. Дастлабки бўлимнинг 43-дақиқасида тўпурар ҳужумчимиз Нилуфар Қудратова ҳисобни 2:0га ўзгартиришга эришди. Шу ҳисоб билан жамоалар танаффусга чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлим бироз асабий кечди. Ҳисобни қисқартириш учун анча куч йўқотган “Сўғдиёна W” жамоаси футболчиларида чарчоқ аломатлари ҳам сезила бошланди. Натижада 58-дақиқада орадаги ҳисоб 3:0га ўзгарди. Жамоамизнинг финалдаги учинчи голини ҳам Нилуфар Қудратова киритди.

Бу ҳисоб ўйин тақдирини ҳал қилиб бўлган эди. Аммо жамоамиз имкон бўлгандан ҳужумлар ташкил этиб, рақиб дарвозаси олдида тез-тез хавф туғдириб турди. “Сўғдиёна W” жамоаси футболчиларида толиқиш ҳам сезилиб қолди. Футболчиларимиз эса ўз кучларини вақтга тенг тақсимлаб, тартибли ўйин кўрсатишди. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармасдан қолди.

Шундай қилиб, “Севинч” бу йилги XVII Ўзбекистон Кубоги финалида рақибини ишончли, 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва ўз тарихида 10-марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.

Финал учрашуви ниҳоясига етгач, тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Кубогини жамоамиз саардори Олия Ахмедовага, Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори ўринбосари Дилшод Хаитметов ва ПФЛ етакчи мутахасиси Алишер Файзиевлар топширишди.

ҒАЛАБА МУБОРАК, КУБОК МУБОРАК БЎЛСИН!

 

 

 

XVII Ўзбекистон Кубоги. Финал

“СЕВИНЧ” – “СЎҒДИЁНА W” 3:0 (2:0). 158 томошабин

02.12.2018. ОКМК СМ. 14:00да

Бош ҳакам: Эдита Миробидова (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Хайринисо Эркинова, Александра Кончикова, (Тошкентдан)

Захира ҳаками: Анна Сидорова (Тошкент)

Назоратчи: Валентин Шашков (Тошкент)

Комиссар – Алишер Файзиев.

 

Голлар: Шахноза Қурбонова, 37’-1:0, Нилуфар Қудратова, 43”-2:0, 58’-3:0

 

“Севинч”: 1.Лайло Тилавова, 6.Феруза Бобохўжаева (20.Шодия Тошева, 63), 7.Олия Ахмедова (с), 9.Мафтуна Шойимова, 10.Гулзода Амирова, 15.Шахноза Қурбонова, 17.Танзиля Зарбиева, 23.Мафтуна Панжиева, 27.Лайло Шодиева, 37.Малика Бурхонова, 77.Нилуфар Қудратова.

Захира: 16.Мафтуна Жонимқулова, 8.Маржона Тўраева, 13.Дурдона Алиева, 14.Лайло Тошева, 18.Шахнозабону Юсупова, 19.Сўғдиёна Алламуродова.

 

“Сўғдиёна W”: 12.Моҳинур Ҳусейнова, 3.Лидия Цема, 4.Насиба Ҳожиева, 6.Азиза Норова, 7.Махфуза Туропова (с) (20.Зебинисо Халимова, 78), 9.Ситора Такабаева (27.Динара Пайзиқулова, 85), 10.Азиза Норбоева (15.Дилафруз Тошпўлатова, 89), 11.Екатерина Сальникова, 19.Нафиса Набиқулова, 21.Шахло Қодирова, 77.Албина Бобоқулова (5.Махлиё Назарқулова, 80).

Захира: 22.Нозима Ҳасанова, 17.Нодира Искандарова, 18.Паризод Эшқулова,.

 

Огоҳлантириш: Махфуза Туропова (69), Азиза Норова (80).