Pepsi Суперлига. “Насаф” - “АГМК”. Превью

Pepsi Суперлига. “Насаф” - “АГМК”. Превью

Pepsi Суперлиганинг 31-турида “Насаф” Олмалиқнинг “АГМК” жамоасини қабул қилади. Учрашув 25 ноябр якшанба  куни “Марказий” стадионимизда соат 15:00да бошланади.

Ушбу 31-турда яна “Қизилқум” – “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” жамоалари ўзаро куч синашади. Бу учрашувлар 24 ноябр шанба куни бўлиб ўтади.

Ўзаро учрашувларга оид фактлар

“Насаф” ва “АГМК” жамоалари шу пайтгача миллий чемпионатимизда ўзаро 23 марта куч синашган. Бўлиб ўтган учрашувларнинг 12тасида “Насаф” зафар қучган, 3 учрашувда олмалиқлик футболчилар ғалабага эришишган, яна 8 ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати қуйидагича кўриниш олган – 34:19. Устунлик “Насаф” томонида. Шу йили Олмалиқда бўлган ўзаро, сўнгги учрашувда “аждарлар” 2:0 ҳисобида ғалабага эришган эди.

Қаршидаги ўзаро учрашувлар тарихидан

 

Қаршида бўлиб ўтган 11та ўйиндан 8тасида “Насаф” ғалаба қозонган. 2 учрашувда бир хил 2:2 дуранг ҳисоби қайд этилган. Фақат бир учрашувда, шу йили 28 июлда Қаршидаги ўзаро учрашувда “АГМК” 2:0 ҳисобидаги тарихий ғалабага эришган. Қаршида бўлиб ўтган учрашувларда мазкур жамоалар ўртасида энг йирик 4:0 ҳисоби, 2010 йили қайд этилган. Бу учрашувда Илҳом Шомуродов хет-трик муаллифи бўлган. Кенжа Тўраев эса битта гол киритган.

Қаршида бўлиб ўтган ўзаро учрашувлар

28.07.2018. “Насаф” – “АГМК”  0:2

08.09.2017.  “Насаф” – “Олмалиқ” 1:0
08.08.2016.  “Насаф” - “Олмалиқ” 2:1

08.08.2015.  “Насаф” - “Олмалиқ” 2:0

07.11.2014.  “Насаф” - “Олмалиқ”  2:2

02.03.2013.  “Насаф” - “Олмалиқ”  2:2

01.07.2012.  “Насаф” – “Олмалиқ” 4:2

20.03.2011.  “Насаф” – “Олмалиқ” 2:1

26.08.2010.  “Насаф” – “Олмалиқ” 4:0

07.08.2009.  “Насаф” – “Олмалиқ” 2:1

10.05.2008.  “Насаф” – “ОТМК” 1:0

Қаршидаги ўзаро учрашувларда дарвозаларга жами 33та тўп киритилган. Тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик “Насаф” томонида  22-11.

 

Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати

Бўлажак тургача  “Насаф” 30 очко жамғариб, қуйи олтиликда биринчи ўринни эгаллаб турибди. “АГМК” жамоаси эса 23 жамғариб, тўртинчи поғонада бормоқда.

Жамоалар тўпурарлари

Айни пайтда тўпурарлар бўйича жамоамизда Бобир Абдухолиқов карвонбошилик қилмоқда. У ҳозиргача 12та гол киритган. “АГМК” жамоасининг тўпурари сербиялик ярим ҳимоячиси Йован Жокич ҳисобланади. Унинг ҳисобида 9та гол бор, уларнинг 7тасини пенальтидан киритган.

 

“Насаф”га оид кичик статистика

“Насаф” миллий чемпионатда шу пайтгача 648та учрашув ўтказди. Бу йилги Pepsi Суперлигада эса 30та (2017 йил: жами 30та) учрашув ўтказди. Буларнинг 10тасида ғалаба (2017 йил: 30 учрашувда 20та ғалаба), 10тасида дуранг (2017 йил: 2та дуранг) ва яна 10 учрашувда мағлубиятга (2017 йил: 8та мағлубият) учради. Футболчиларимиз бу йилги баҳсларда рақиблари дарвозасига жами 35та гол (2017 йил: 58та гол) киритишди. Ўз дарвозасидан эса 37та тўп олиб (2017 йил: 18та) чиқишди. 9та учрашувни футболчиларимиз голсиз (2017 йил: 4та) тарк этишди. Бу йилги Pepsi Суперлига баҳсларида мураббийларимиз ҳозиргача 28 нафар футболчи (2017 йил: 24та) хизматидан фойдаланишди.

 

Мазкур жамоаларнинг ёшлари ўртасидаги учрашув, 24 ноябр шанба куни бўлиб ўтади. Учрашув Спутникдаги ёшларимиз қароргоҳи майдонида соат 15:00да бошланади.

 

Барча футбол ишқибозларини ана шу учрашувларга таклиф этиб қоламиз.