“Насаф” мавсумни ғалаба билан якунлади!

“Насаф” мавсумни ғалаба билан якунлади!

Бугун “Насаф” жамоамиз бу йилги Pepsi Суперлиганинг сўнгги учрашувини Жиззахда “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўтказди.

Учрашувнинг биринчи бўлими дастлабки дақиқаларида мезбонлар фаолроқ бўлишди. Аммо вақт ўтган сайин жамоамиз ҳам ташаббусга эга бўлди ва яхши ҳимояланиб, имкон бўлгандан ҳужумлар ташкил этди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Сўғдиёна” жамоаси ҳам бир неча марта дарвозамиз олдида хавфли вазиятларга эга бўлди. Аммо дарвозамизни ишғол қилишда уларда аниқлик етишмади. Умуман олганда дастлабки бўлим унчалик қизиқарли бўлмади, жамоалар 0:0 ҳисоби билан танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим бошидан ўйин қизиқарли тус олди. Энди жамоамизнинг ўйини мазмунли кеча бошлади. Ҳужумларимизнинг бири гол билан якунланди. 59-дақиқада Дилшод Саитовнинг ошириб берган тўпини Бобир Давлатов дарвозага жойлаб қўйди – 0:1.

Ўйинда ҳисоб очилгач, “Сўғдиёна” жамоаси ҳам ҳисобни тенглаштириш учун анча ҳаракат қилди ва бу орқали гол уриш учун жуда қулай имкониятларга эга бўлди. Аммо бугун уларда яққол совуққонлик ва аниқлик  етишмади. Тўғри, жамоамиз ҳам кўпроқ ҳимояга эътибор қаратиб, имкон бўлгандан ҳужумга ўтди. Мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишди. Бугун ҳимоячиларимиз ва посбонимиз жуда тартибли ҳаракат қилишди ва дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қолишга эришди.

Шундай қилиб учрашувда Бобир Давлатов томонидан киритилган ягона гол, ўйин тақдирини ҳал қилди, жамоамиз ғалабага эришди. Давлатов бу йили мавсумнинг ярмидан жамоамиз таркибида майдонга туша бошлади ва секин-аста ўз ўрнига эга бўлди. Футболчимиз мавсумда 3та гол уришга эришди.

Шу билан, “Насаф”  бу йилги Pepsi Суперлигани якунига етказди. Якун ғалаба билан нишонланди. Қуйи олтиликда 34 очко жамғариб, етакчи бўлди.

Энди жамоамиз таътилга йўл олди. Янги мавсумга тайёргарлик декабр ойининг 20-кунидан бошланиши режалаштирилган.

Бу йил жамоамизда тўп тепган ва “аждарлар” шарафини муносиб  ҳимоя қилган барча футболчиларимизга ташаккурлар билдириб қоламиз. Умид қиламизки, келгуси мавсум жамоамиз муваффақиятли бўлади ва юқори ўринлар учун курашади.

Шарҳимиз сўнггида жамоамизга ҳамиша далда бўлган ва яқиндан қўллаб-қувватлаган барча азиз мухлисларимизга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдириб қоламиз.

 

 

Pepsi Суперлигаси, 32-тур

“СЎҒДИЁНА” - “НАСАФ” 0:1 (0:0)

29.11.2018. “Сўғдиёна” стадиони. 16:00да

 

Бош ҳакам: Зокиржон Қодиров (Навоий)

Қанот ҳакамлари: Обид Жумаев (Навоий), Руслан Самандаров (Навоий)

Захира ҳаками: Абдурашид Худойберганов (Тошкент)

Назоратчи: Радик Серазитдинов (Тошкент)

Комиссар – Родион Кондратьев

 

 

Гол:  Бобир Давлатов, 59’-0:1

 

 

“Сўғдиёна”: 88.Милан Митрович, 2.Сардор Қулматов (93.Ихтиёр Тошпўлатов, 60), 4.Элёр Орифов (с), 9.Сардорбек Азимов, 14.Сирож Мелиев, 33.Тоҳиржон Шамсиддинов, 39.Ойбек Нурматов (10.Шохруз Норхонов, 73), 77.Изатилла Абдуллаев (80.Сернас Дарвидас, 78), 90.Милаш Симонович,  94.Нуриддин Ҳасанов, 99.Нурилло Тўхтасинов.

Захира: 1.Ширинбой Абдуллаев, 27.Сахоб Рашидов, 28.Шахбоз Жўрабеков. 55.Шохжаҳон Ҳасанов, 70.Санжар Рашидов, 91.Никола Милинкович.

 

 

 

“Насаф”: 35.Санжар Қувватов (с), 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 7.Одилжон Ҳамробеков, 9.Амиржон Сафаров (17.Дониёржон Нарзуллаев, 88), 14.Шароф Муҳитдинов, 15.Дилшод Саитов, 18.Бобир Давлатов, 20.Ислом Кенжабоев (38.Акмал Мозговой, 61), 27.Ислом Рашидхонов (49.Ойбек Бозоров, 77), 28.Хуршидбек Мухторов, 92.Умарбек Эшмуродов.

Захира: 1.Умиджон Эргашев, 3.Илҳомжон Алижонов, 31.Сайдулло Раҳматов, 34.Шерзод Насруллаев, 52.Шерзод Темиров.

 

 

Огоҳлантириш: Умарбек Эшмуродов (25), Дилшод Саитов (39).