"Насаф" мавсумдаги илк ғалабасини нишонлади

"Насаф" мавсумдаги илк ғалабасини нишонлади

Бугун “Насаф” Coca-Cola Суперлигасининг 2-тур доирасидаги учрашувни ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўтказди.

Ўйин бошланиши олдидан стадионга ташриф буюрган футбол ишқибозлари учун бир гуруҳ санаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Сўнг эса стадионимизда бу йилги футбол мавсумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бугунги  учрашувни ҳар икала жамоа эҳтиёткорлик билан бошлашди. Аммо вақт ўтган сайин ҳужумларга зўр беришди. 7-дақиқада жамоамиз рақиб жарима майдончаси яқинида стандарт вазиятга эга бўлди. Жаримани Дилшод Саитов амалга оширди, тўп ҳимоячига тегиб, йўналишини ўзгартирди ва дарвоза тўридан жой эгаллади, зарба унчалик кучли ҳам эмасди – 1:0. Бу билан Саитов ўз ҳисобига мавсумдаги иккинчи голни ёздириб қўйди.

Ўйиннинг 33-дақиқасида “Сўғдиёна” жамоаси орадаги ҳисобни тенглаштиришга эришди. Бурчакдан ошириб берилган тўпни Милинкович боши билан дарвозамизга аниқ йўллади ва гол муаллифига айланди – 1:1.

Ҳисоб тенглашгач, бўлим сўнггигача  майдонда тенг курашлар давом этди. Дастлабки бўлим ана шу ҳисобда якунига етди.

Иккинчи бўлимни жамоалар фаол бошлашди. 53-дақиқага келиб жамоамиз яна ҳисобда олдинга ўтиб олди. Кетма-кет ташкил этилган ҳужумларнинг бирида Бобир Давлатов дарвозани аниқ нишонга олди ва ўз ҳисобига мавсумдаги илк голни ёздириб қўйди – 2:1.

78-дақиқада, иккинчи бўлимда майдонга тушган Ислом Кенжабоев ўзини кўрсатди. Жамоамизнинг навбатдаги ҳужумида фақат ўзи қатнашди. Яъни тўпни деярли майдон марказида қабул қилиб олди ва дарвозага яқин бориб аниқ зарба билан гол уришга эришди – 3:1. Қойил!

Ўйин шу ҳисобда якунланди.

Шундай қилиб, “аждарлар” бу йилги чемпионатдаги дастлабки ғалабасини нишонлашди. Ғалаба муборак азиз мухлислар!

“Насаф” энди навбатдаги 3-турда “Пахтакор” жамоаси меҳмони бўлади. Учрашув 5 апрел куни бўлиб ўтади.

 

 

Coca-Cola Суперлигаси – 2019. 2-тур

“НАСАФ” – “СЎҒДИЁНА” 3:1 (1:1).  11232 нафар томошабин

31.03.2019. “Марказий” стадион. 19:15да

 

Голлар: Дилшод Саитов, 7’-1:0, Бобир Давлатов, 53’-2:1, Ислом Кенжабоев, 79’-3:1 – Никола Милинкович, 33’-1:1

 

Бош ҳакам: Зокиржон Қодиров (Навоий)

Қанот ҳакамлари: Обид Жумаев, Руслан Самандаров (Навоий)

Захира ҳаками: Шуҳрат Ражабов (Бухоро)

Назоратчи: Игорь Нехочин (Наманган)

Комиссар: Бахтиёр Маметов.

 

“Насаф”: 1.Умиджон Эргашев, 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 8.Дилшод Саитов, 9.Ҳумоюн Муртазоев, 18.Бобир Давлатов (15.Жўрабек Маннонов, 90), 19.Сардор Абдураимов, 22.Акмал Мозговой, 27.Ислом Рашидхонов (17.Дониёр Нарзуллаев, 86), 28.Хуршидбек Мухторов, 77.Ойбек Бозоров (20.Ислом Кенжабоев,  66), 92.Умарбек Эшмуродов (с).

Захира: 21.Машҳуржон Муҳаммаджонов, 35.Абдувохид Неъматов, 6.Азизжон Ғаниев, 10.Бобир Абдихолиқов, 14.Шароф Муҳитдинов, 34.Шерзод Насруллаев.

 

“Сўғдиёна”: 27.Милан Митрович, 3.Искандар Шойқулов, 4.Элёр Орифов, 5.Кахи Махарадзе, 6.Нуриддин Ҳасанов (8.Сирож Мелиев, 66), 7.Санжар Рашидов (с), 11.Иззатила Абдуллаев (10.Шоҳруз Норхонов, 58), 17.Достон Тошматов (9.Ойбек Нурматов, 68), 23.Муҳаммад Юлдошев, 91.Никола Милинкович, 97.Шаҳбоз Жўрабеков.

Захира: 1.Ширинбой Абдуллаев, 18.Шерзот Шакиров, 32.Диан Талхатов, 70.Дурбек Камолов, 77.Даниел Насридинов.

 

Огоҳлантириш: Ҳумоюн Муртазоев (24), Сардор Абдураимов (83) – Элёр Орифов (24), Искандар Шойқулов (65).