Мақсуд Каримов: "Насаф"нинг футболчиси бўлганим билан фахрланаман"

Мақсуд Каримов: "Насаф"нинг футболчиси бўлганим билан фахрланаман"

“Насаф” футбол клубида шундай футболчилар борки, жамоа таркибида кўп йиллар тўп тепиб, жамоа ютуқларига улкан ҳисса қўшган, мухлислар меҳрини қозонган ва ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган ҳамда эл назарига тушган.

Бундай футболчилар орасида “Насаф” футбол клубининг тажрибали ҳимоячиси Мақсуд Каримов ҳам бор.

Футболчимиз 2008 йилдан буён, яъни 10 йилдирки, “Насаф” футбол клубимизнинг шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Мақсуд Каримов 2006-2007 йиллар “Хоразм”, “Вобкент” жамоаларида тўп тепди. 2008 йилда эса “Насаф” таркибига келиб қўшилди.

Каримов жамоамиз таркибида ОФК Кубоги соҳиби, 2 карра кумуш медали соҳиби, 6 карра бронза медали соҳиби, беш марта Ўзбекистон Кубоги финалчиси, 2015 йили Ўзбекистон Кубоги соҳиби ва 2016 йили Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби ва Осиё чемпионлар лигасида 5 мавсум иштирок этди.

Мақсул Каримов миллий чемпионат ўйинларида 274 марта майдонга тушди ва “Насаф” таркибида ҳимоячи сифатида  200дан ошиқ ўйин ўтказди.

Футболчимиз 2010 ва 2011 йилларда миллий терма жамоамиз таркибида ҳам 4та ўйин ўтказиб, 159 дақиқа майдонда ҳаракат қилган.

Мақсуд Каримов бугун жамоамиз таркибидаги сўнгги учрашувда майдонга тушди.

“Насаф” – “АГМК” учрашуви якунига етгач, футболчимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Биз клубимиз раҳбарияти номидан, мураббийлар номидан шунингдек “Насаф”ни кўп минг сонли мухлислари номидан, Мақсуд Каримовга жамоамиз сафида кўрсатган ўйинлари учун мингдан-минг раҳматлар айтамиз. Мақсуджон биз сиздан мамнунмиз, сизни эъзозлаймиз! Сизга катта ташаккур!

Биз бугунги ўйиндан сўнг. Мақсуд Каримовни қисқача суҳбатга тортдик.

-Аввалом бор,  шундай кунларга етказганига минг марта шукур. "Насаф"дек жамоанинг таркибида тўп тепганимдан, жамоанинг бир бўлаги бўлганимдан ғоятда фахрланаман. Бу жамоанинг ўтмиши шонли, салоҳияти жуда катта, шунингдек келажаги ҳам порлоқ. "Насаф" ҳамиша ўзбек футбол ишқибозларининг назаридаги жамоадир. Бу жамоада тўп тепганимдан фахрдаман.  Севимли жамоамнинг келгуси фаолиятига каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламан. Бу жамодан кетиш мен учун жуда оғир. Бу жамоа худди ўз оиламдек, ўйимдек бўлиб қолган. Мухлислар эса худди ўзимнинг ака-укаларимдек. Ҳаммангизга раҳмат айтаман.