Coca-Cola Суперлигаси: “Пахтакор” - “Насаф”. Превью

Coca-Cola Суперлигаси: “Пахтакор” - “Насаф”. Превью

“Насаф” Coca-Cola Суперлигасининг 3-тур учрашувини сафарда “Пахтакор” жамоасига қарши ўтказади. Учрашув 5 апрел жума куни “Пахтакор” марказий стадионида соат 18:00да бошланади.

Ўзаро учрашувлар тарихидан

Мазкур жамоалар шу пайтгача миллий чемпионатимизда 44 марта ўзаро куч синашганлар. Шулардан 9 учрашувда “аждарлар” ғалаба қозонишган, 25та учрашувда эса “шерлар” ғолиб бўлишган, 10та учрашувда ғолиб аниқланмаган.  Тўплар нисбати эса 66-38ни ташкил қилмоқда. Устунлик “Пахтакор” томонида. Дуранг натижаларнинг кўпи Қаршида қайд этилган. “Аждарлар” ўз тарихида “Пахтакор” устидан 2002 ва 2017 йилги чемпионатда энг йирик 4:0 ҳисобида устун келишган. “Пахтакор” эса 2002 ва 2018 йили ўз майдонида, худди шу ҳисобда ғалаба қозонган. 

Ўзаро ўйинларда “Насаф” 37 очкони қўлга киритган бўлса, “Пахтакор”  85 очкога эга бўлган.

Мазкур жамоаларнинг ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган ўзаро учрашувида “Пахткаор” 4:0 ҳисобида ғалабага эришган.

Тошкентда ўтказилган ўзаро учрашувлар

“Пахтакор ва “Насаф” жамоалари бунгача миллий чемпионат доирасида, Тошкентда ўзаро 22 марта баҳслашган. Бўлиб ўтган учрашувларнинг 18тасида “шерлар” ғалаба қозонишган, фақат 1 учрашувда “аждарлар”нинг қўли баланд келган. Бу тарихий ғалаба 2001 йили бўлган, унда “Насаф” 2:0 ҳисобида зафар қучган. Қолган 3 учрашувда муросага келинган. Тошкентдаги ўзаро учрашувларда дарвозаларга жами 58та гол киритилган. Голлар нисбати бўйича ҳам яққол устунлик “Пахтакор” томонида - 46:12.

Тошкентдаги сўнгги ўзаро беш учрашув натижаси

18.08.2018. “Пахтакор” – “Насаф” 4:0

19.06.2017. “Пахтакор” – “Насаф” 2:1

11.04.2016. “Пахтакор” - “Насаф”  1:1

26.06.2015. “Пахтакор” - “Насаф”  3:1

17.10.2014. “Пахтакор” - “Насаф”  2:0

 

“Пахтакор”  ва “Насаф” бу йилги чемпионатда иккитадан учрашув ўтказди ва мағлубяитга учрамади.

Ўтган 2-турда ҳар иккала жамоа ҳам ғалаба қозонди. Жамоалар ўртасидаги бўлажак 45-учрашув ҳам қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Бу йилдан “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилаётган собиқ футболчимиз Одилжон Ҳамробеков илк марта собиқ жамоасига қарши майдонга тушади. Умуман “Пахтакор” сафини кейинги йилларда кўплаб футболчиларимиз тўлдиришди ва кучайтиришди. Энди улар собиқ жамоадаошларига қарши ўйнашади. Бу ҳам бўлажак учрашувни қизиқарли ўтишига замин яратади.

Барча футбол ишқибозларини бўлажак учрашувга таклиф этиб қоламиз.