Қашқадарёлик полвонлар мурувват кўрсатишди

Қашқадарёлик полвонлар мурувват кўрсатишди

Жонажон ўлкамизга бетакрор анъана, эзгулик ва қадриятларни ўзида мужассам этган қадимий ва навқирон Наврўзи олам ташриф буюрди. Шу кунларда дала - даштлар, тоғу тошлар, боғу - роғлар, кўчаю - хиёбонлар, уй-жойлар киши кўзини қувонтирадиган даражада кўркамлашган. Чиндан ҳам бу пайтда бутун борлиқ қиш уйқусидан уйғониб, она табиатда жонланиш каби мўъжизавий ҳодиса юз беради. Нимасини айтасиз, жамики тирик жон ҳаракатга тушиб, янгиланиш сари интилади. Жумладан бободеҳқон ҳам ризқ- насиба яратиш умидида қадрдон даласи томон ошиқади.
Ана шундай қутлуғ кунлар арафасида байрамимизга монанд тарзда юртимизда мурруват ва хайрия ишларига ҳам қўл урилади. Бу саховатпеша халқимизнинг азалий анъанасидир.

Қашқадарёнинг бир гуруҳ кўпкари чопадиган полвонлари ташаббуси билан 18 март куни Қарши шаҳридаги “БАХТ” тўйхонасида вилоятимизнинг бир қатор туманларидаги ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларини суннат тўйлари қилиб берилди. 11 нафар ана шундай болажонларга бошидан оёқ сарполар кийдирилди ва уларга совға саломлар улашилди. Байрам иштирокчиларига дошқозонларда ошлар дамланди ва дастурхонга тортилди. Бу хайрия тадбирга бир гуруҳ сахий инсонлар ҳам қўшилишди. Янада эътиборлиси, бу полвонлар ва саховатпеша инсонларнинг ташаббуси билан Қамаши туманида болажонларнинг суннат тўйларига бағишланиб, 20 март куни кўпкари ҳам ўтказилди.

- Ушбу хайрия тадбири ишида иштирок этганимдан жуда мамнунман, бизда меҳр-эътиборга  муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ота-боболаримиздан қолган. Бу анъана ҳеч қачон йўқолмайди. Авлоддан-авлодга ўтиб келаверади. Бундай улуғ қадриятларимизни асраш эса, биз фарзандларнинг бурчимиздир, -дейди  Қамашилик чавандоз Элбек Юриев.
Аслида бағрикенглик, инсонпарварлик, мардлик ва саховатпешалик полвонларга хос хислат. Вилоятимизнинг ана шундай полвонлари бу борада яна ўзларини кўрсатишди. Халиқимизнинг бундай уюшқоқлигига, ташаббускорлигига, полвонларимизнинг эзгу ишларига асло кўз тегмасин.

Фахриддин Чориев. VOHA.UZ сайти мухбири