Суперлига: “Насаф” - “Локомотив”. Превью

Насаф

92 Ўқилди фикр билдирилган

Суперлига: “Насаф” - “Локомотив”. Превью

Суперлиганинг 6-туридаги “Насаф” - “Локомотив” баҳси, турнинг марказий учрашуви саналади. Учрашув 11 апрел чоршанба куни “Марказий” стадионимизда бўлиб ўтади ва соат 20:00да бошланади.

Ўзбекистон Суперлигаси-2018. 6-тур

“Насаф” (Қарши) – “Локомотив” (Тошкент)

11.04.2018. “Марказий” стадион. 20:00да

Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Бухоро)

Қанот ҳакамлари: Ҳусниддин Шодмонов (Бухоро), Александр Буров (Бухоро)

Захира ҳаками: Тўрабек Суюнов (Гулистон)

Назоратчи: Марат Исмоилов (Тошкент)

Учрашув комиссари: Лазиз Қўчқоров

Ўзаро учрашувлар тарихига оид

Ушбу жамоалар миллий чемпионатимизда 26 марта тўқнаш келишган. Ўтган учрашувларнинг 13 тасида “аждарлар” ғалаба қозонган. 5 учрашувда муроса кўчаси танланган. Қолган 8 учрашувда “темирйўлчилар”нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати бўйича устунлик жамоамиз томонида 37-27.

Бу жамоалар ўртасидаги учрашувларда “Насаф” – “Локомотив” 5:1 (2 марта), “Локомотив” – “Насаф” 5:2 кўринишидаги энг йирик ҳисоблар қайд этилган.

“Насаф” жамоамиз бу йилги чемпионатда 5та учрашув ўтказиб, 9 очко тўплади ва турнир жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. “Локомотив” жамоаси 5 учрашувдан сўнг 5 очко тўплаб, турнир жадвалида 9-поғонасида бормоқда. Амалдаги мамлакат чемпионнинг бу йилги чемпионатда унчалик омади чопмаяпти.

Қаршидаги ўзаро учрашувларга оид

Мазкур жамоалар Қаршида шу пайтгача 13 марта ўзаро куч синашганлар. Бу учрашувларнинг 9тасида жамоамиз ғалаба қозонган, 3 учрашувда “Локомотив”нинг қўли баланд келган, қолган 1 учрашувда дурангга имзо чекилган. Қаршидаги ўзаро учрашувларда жами дарвозаларга 41та тўп киритилган, тўплар нисбати - 26-15ни ташкил этмоқда. Демак, тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик жамоамиз томонида.

“Насаф” ўтган йилги чемпионатда “Локомотив”ни Қаршида 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. Учрашувдаги икки голга ҳам ҳужумчимиз Драган Черан муаллифлик қилган. “Локомотив” жамоаси эса сўнгги бор, 2016 йили Қаршидаги учрашувда 2:1 ҳисобида “Насаф”дан устун келган.

Қаршидаги сўнгги беш учрашув натижалари

2017 йил. “Насаф” - “Локомотив” 2:0

2016 йил. “Насаф” - “Локомотив” 1:2

2015 йил. “Насаф” - “Локомотив” 1:0

2014 йил. “Насаф” - “Локомотив” 2:5

2013 йил. “Насаф” - “Локомотив” 2:1

Учрашувга оид яна маълумотлар

Бу жамоаларнинг ўртасидаги бўлиб ўтган ҳар бир учрашув футбол ишқибозларида катта қизиқиш ўйғотиб келади. Бу сафар ҳам олдиндан учрашувни шундай ўтишини тахмин қилса бўлади.

Бўлажак учрашув, “Насаф”нинг миллий чемпионатдаги 624-учрашуви бўлади.

Мазкур жамоалар ўтган 5-тур учрашувида дурангга эришди. “Локомотив” – “Қўқон-1912” 1:1, “Навбаҳор” – “Насаф” 0:0. “Аждарлар” ўтган икки турда дуранг қайд этишди. Бу сафар жамоамиз ўз майдонида уч очко учун курашиши турган гап. Бу ҳам ўйиннинг кескин бўлишига сабаб бўлади.

“Локомотив” жамоаси бу учрашувга жиддий йўқотишлар орқали ташриф буюради. Жамоанинг икки нафар етакчи ўйинчиси жамоамизга қарши учрашувда, дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Булар Икром Алибоев ва Родригес Нивалдолардир.

Мамлакатимизнинг ОЧЛ иштирокчилари саналган мазкур жамоалар, ОЧЛ-2018 гуруҳ босқичининг сўнгги тур учрашуви олдидан туқнаш келишмоқда. Бу учрашувдаги ижобий натижа жамоаларга руҳий далда ҳам беради. “Насаф”нинг бу учрашувда ғалаба қозониши учун яхшигина имконияти бор. Чунки “аждарлар” ўз мухлислари кўз ўнгида тўп тепишади. Албатта клубимиз мухлисларининг жонбозлиги ва қўллаб-қувватлаши ҳам жуда зарур. Биз мухлисларимизга ишонамиз. Мухлисларимиз бу учрашувда ҳар қачонгидан фаол бўлишади. Улар ўзларининг 12-ўйинчи ролини қойилмақом ижро этишади.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф” - “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашув 11 апрел чоршанба куни “Марказий” стадионда соат 20:00да бошланади. Мазкур жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув эса 10 апрел сешанба куни Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳи майдонида соат 16:30да бошланади.

Барча футбол ишқибозларини ушбу қизиқарли учрашувга чорлаб қоламиз.

Билдирилган фикрлар