Шавкат Мирзиёев: Юртимиз ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади!

- Чоп этилган вақти: 20:57 | 27.01 2018 йил |
Шавкат Мирзиёев: Юртимиз ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади!

Мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда бўлиб ўтган футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида ғалаба қозонган футболчиларимизни табриклади. Ушбу табрик президент расмий сайтида эълон қилинди.

Табрикнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин. 

Азиз фарзандларим!

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Барчангизни футбол бўйича Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал босқичида ғоят оғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида том маънода матонат ва жасорат намунасини намоён этиб, ғолибликни қўлга киритганингиз билан ўз номимдан, кўпмиллатли халқимиз номидан самимий муборакбод этаман.

Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.

Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади.

Барчангизни бағримга босиб, сизларга сиҳат-саломатлик,
куч-ғайрат, жонажон Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳратини дунёга тараннум этишда доимо ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

 




Яндекс.Метрика