Рўзиқул Бердиев ўқувчилар ўртасидаги футбол мусобақасида қатнашди

 Рўзиқул Бердиев ўқувчилар ўртасидаги футбол мусобақасида қатнашди

Яқинда Китоб туманидаги “Китоб” марказий ўйингоҳида вилоят ҳалқ таълими бошқармаси томонидан футбол мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақага худудий босқичларда ғолиб бўлган, Қамаши, Косон, Китоб, Касбилик ёш футболчилар ташриф буюришди. Мусобақа қизиқарли баҳсларга бой бўлди.

Финал учрашувида мусобақа мезбони ва қамашилик ёш футболчилар ўзаро куч синашишди..

Кескин ва муросиз учрашувда китоблик футболчилар 2:1 ҳисобида рақибларидан устун келишди. Бу орқали улар вилоят умумий ўрта таълим мактаблари 10-11 синф ўқувчилари ўртасида кечган футбол мусобақасининг ғолиби бўлишди.

“Насаф” футбол клубининг бош мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Рўзиқул Бердиев учрашувни бевосита стадионда кузатиб борди. Тақдирлаш маросимида эса, мусобақа ташкилотчилари билан бирга ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширди. Бу ҳолат, ёш футболчиларга катта ғурур ва хурсандчилик бахшида этди.

Ғолибларга ўринлар қуйидагича тақсимланди

1-ўрин Китоб тумани

2-ўрин Қамаши тумани

3-ўрин Косон тумани

Мусобақа якунида вилоят ҳалқ таълими “Ёшлик спорт жамияти” бош мутахассиси Саноқул Эшонқулов, Китоб тумани ҳалқ таълими бўлими мудири, шунингдек  Рўзиқул Бердиев ҳамда “Насаф” клуби мураббийи Шуҳрат Тошпўлатовлар ғолиб ва совриндорларни самимий муборакбод этишди.

Фахриддин Чориев.