РУШАНИЯ САФИНА: “СЕВИНЧ”ГА ЧЕМПИОН БЎЛИШ УЧУН КЕЛДИМ

РУШАНИЯ САФИНА: “СЕВИНЧ”ГА ЧЕМПИОН БЎЛИШ УЧУН КЕЛДИМ

Хабарингиз бор, бу йилдан “Севинч” жамоамиз ўз таркибига  бир қанча тажрибали футболчиларни жалб этди. Булар ўтган йили “Металлург W” жамоаси таркибида тўп тепган, асли “Андижанка” клубига тегишли бўлган Рушания Сафина, “АГМК W” жамоаси шарафини ҳимоя қилган тажрибали ярим ҳимоячи Дилрабо Асадова ҳамда ўтган мавсумда “Бунёдкор W” жамоаси шарафини ҳимоя қилган тажрибали ҳимоячи  Ўғилой Қучқаровалардир. Сафина ва Қучқарова жамоамиз таркибида ижара асосида тўп тепади. Асадова эса йил бошидан клубимиз аъзосига айланди.

Биз тажрибали ярим ҳимоячи, мамлакатимиз аёллар футболидаги  энг иқтидорли плеймейкер ҳисобланган Рушания Сафина билан қисқача суҳбат уюштирдик.

Футболчи ҳақида умумий маълумотлар

Исми шарифи: Рушания Сафина

Туғилган санаси: 25 ноябр 1993 йил

Туғилган жойи: Фарғона вилояти Риштон тумани

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Рақами: 10

Дастлабки мураббийи: Ким Мироман Дмитриевич

Илк тўп тепган жамоаси: “Андижанка” , Андижон шаҳри

Терма жамоа аъзоси

 

-Рушания яна бир марта “Севинч” жамоамизга ўтишингиз билан қутлаймиз?

-Раҳмат, мен 2007 йилдан буён профессионал аёллар футболида фаолият юритаман. Кўп жамоаларда тўп тепдим, аммо чемпион бўлиш насиб этмади. “Севинч” жамоаси ўз олдига ҳамиша жиддий мақсадларни қуяди ва аёллар футболида нафақат мамлакатимизнинг, балки Осиёнинг топ клубларидан бири саналади. “Севинч”ни ҳатто Европаликлар ҳам билишади. Бу жамоага ўтишимидан асосий мақсад, бу йил чемпионликни қўлга киритиш. Менга клуб расмийлари таклиф билан чиққанда, иккиланмасдан рози бўлдим.

-Сиз “Севинч”да  ижара асосида тўп тепасиз ва “Андижанка” билан ҳам тузган шартномангиз муддати ҳам йил охирида ниҳоясига етади…

-Тушундим, агар бу йилги мавсумда мураббийлар ишончини қозонсам ва “Севинч”га фойдам тегса, ўйлайманки жамоада  яна фаолиятимни давом эттираман мумкин. Албатта ижара асосида эмас, балки ҳақиқий аъзоси сифатида.

-Илк устозингиз ким бўлган

-Юқорида профессионал футболдаги фаолиятимни 2007 йилдан бошлаганим ҳақида айтдим, илк устозим юртимизда таниқли бўлган ва катта ҳурмат эътиборга лойиқ бўлган, ўзбек аёллар футболини ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган, собиқ иттифоқда ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий – Мироман Дмитриевич Ким бўлган. Мен профессионал футбол футболга кириб келганимда, мамлакимизнинг саккиз карра чемпиони – “Андижанка”, афсуски аёллар футболидаги етакчиликни “Севинч”га бўшатиб берган эди.

-Суҳбатингиз учун раҳмат, “Севинч” жамоасида муваффақиятли тўп тепиб, мамлакат чемпиони бўлишингизга тилакдошмиз.

 

“Севинч” ПФК матбуот хизмати