ОЛИЯ АХМЕДОВА: “МАҚСАДИМИЗ КУБОКНИ ЯНА ҚЎЛГА КИРИТИШ”

ОЛИЯ АХМЕДОВА: “МАҚСАДИМИЗ КУБОКНИ ЯНА ҚЎЛГА КИРИТИШ”

Ўзингизга маълум, Қаршининг “Севинч” футбол клуби ўз тарихида тўққиз карра Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган. Жамоамиз бу йил ҳам кубок баҳсларини кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Бугун “Севинч” ўз майдонида, Ўзбекистон Кубоги ¼ финали жавоб учрашувида Фарғонанинг “Нефтчи W” жамоасини қабул қилади. Дастлабки учрашувда жамоамиз 6:0 ҳисобида зафар қучиб, ярим финал масаласини деярли ҳал қилишган эди.

Бугун бўладиган учрашув олдидан жамоамиз сардори ва клубимиз ютуқларига ўзининг катта ҳиссасини қўшган тажрибали ҳимоячимиз Олия Ахмедовадан фикрларини сўрадик.

-Бу йилги мақсадимиз ўнинчи марта Ўзбекистон Кубоигини қўлга киритиш, шунингдек яна бир марта чемпион бўлиш. Жамомиз шу мақсадда ҳаракат қилаяпти. Бугун бўладиган учрашувга ҳам яхши тайёргарлик кўрдик. Мамлакатимизнинг U-19 терма жамоасига жалб этилган футболчиларимиз ҳам сафимизга қўшилишди. Ҳамманинг кайфияти аъло даражада. Фақат об-ҳавони ноқулайлигини ҳисобга олмасак, ҳаммаси кўнгилдагидек. Тўғри,  “Нефтчи W” жамоаси билан чорак финалнинг сафарда бўлган дастлабки учрашувида  йирик 6:0 ҳисобида ғалаба қозондик, бу “Севинч”нинг деярли ярим финалдалигини билдиради. Аммо биз бунга эътибор қилмаган ҳолда бугун майдонга тушамиз.

Ўзингизга маълум, ярим финалдаги жуфтликлар қуръага кўра маълум бўлади. Аслида рақибимизнинг ким бўлиши биз учун фарқи йўқ. Такрор айтаман, бу йил ўз олдимизга катта мақсад қўйганмиз. Шунга эришиш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз, – дейди Олия Ахмедова.

Манба: pfcsevinch.uz