“БУНЁДКОР W” – “СЕВИНЧ”. МАРКАЗИЙ УЧРАШУВ ОЛДИДАН

“БУНЁДКОР W” – “СЕВИНЧ”. МАРКАЗИЙ УЧРАШУВ ОЛДИДАН

Бу йилги аёллар ўртасидаги XXIV Ўзбекистон чемпионати ҳам ниҳоялаб бормоқда. Жорий чемпионатнинг  икки тур учрашуви қолди.

Навбатдаги 27-турнинг марказий учрашуви саналган “Бунёдкор W” – “Севинч” учрашуви бу йилги чемпионни аниқлаб бериши мумкин. Учрашув нафақат турнинг марказий учрашуви балки бу йилги чемпионатнинг ҳам марказий учрашуви саналади. Турнир жадвалига эътибор қаратсак, бу икки жамоа ҳозиргача 23тадан учрашув ўтказиб, бир очко фарқи билан турнир жадвалида кетма-кет боришмоқда. Тўғри, биринчи даврада Қаршида бўлиб ўтган учрашувда “Севинч” “Бунёдкор W”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Бу ҳам турнир жадвалидаги якуний ўринларни белгилашда “Севинч”га кичик устунлик беради. Охирги 28-турда “Севинч” Бекободда “Металлург W” билан баҳслашса, “Бунёдкор W” ўз майдонида “Шўртан Lady” жамоасини қабул қилади.

Хуллас, футбол бўйича аёллар чемпионати энг қизғин паллага етиб келди. Бу икки турда чемпион ҳам, кумуш ва бронза медаллари эгалари ҳам аниқ бўлади.

Энди “Бунёдкор W” ва “Севинч” жамоалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Тошкентнинг “Бунёдкор W” жамоаси 2013 йилда ташкил этилган. 2014 йилдан буён чемпионатда иштирок этиб келмоқда. Жамоанинг ҳозиргача энг юқори натижаси учинчи ўрин – бронза медали ҳисобланади. Бу ютуққа “Бунёдкор W” жамоаси 2017 йилга чемпионатга эришган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоа кейинги йилларда чемпионликка давогарлар қаторидан жой эгаллай олди.

“Севинч” жамоаси эса 2003 йилдан аёллар чемпионатида иштирок этиб келмоқда. Ўз тарихида 12 карра Ўзбекистон чемпионлигини, тўққиз кара Ўзбекистон Кубогини ва икки карра Суперкубогини қўлга киритган. 2005 йилдан чемпионликни қўлдан бермай келаётган “Севинч”, ўтган 2017 йилги чемпионатда кумуш медал билан чегараланди. Бунга асосий сабаб, жамоамиз таркибида авлодлар алмашинуви содир бўлди. Аксарият тажрибали ва кўп йиллар жамоамиз таркибида тўп тепган футболчиларимиз жамоамиздан кетишди. Уларнинг ўрнини эса ёш, ҳали чемпионатда етарли кўникмага эга бўлмаган футболчилар эгаллашди. Улар учун 2017 йилги чемпионат тажриба тўплаш йили бўлди. Бу йилдан эса ушбу ёш футболчиларимиз мавсумни кўтаринки руҳда ўтказишмоқда.

“Бунёдкор W” ва “Севинч” жамоаларининг шу пайтгача ўтказган ўзаро учрашувларига назар ташласак, барча учрашувларда жамоамизнинг қўли баланд келганлигига гувоҳ бўламиз. Ўзаро учрашувларда ҳатто дуранг ҳам қайд этилмаган.

Аммо, “Бунёдкор W” жамоаси бу йил кучли таркибга эга жамоа саналади. Рақибимиз сафида кўплаб собиқ футболчиларимиз бор. Булар Ольга Кахарова, Зумрат Назарова, Маҳлиё Сарикова ва Мария Мосеевалардир.

“Бунёдкор W” жамоаси, бу йилги чемпионатдаги  24 учрашувнинг 23тасида ғалаба, 1 учрашувда мағлуб бўлган. 69 очко билан жадвалнинг 2-поғонасини эгаллаб турибди. Рақиблари дарвозасига  113та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 8та тўп олиб чиққан.

“Севинч” жамоамиз бўлиб ўтган 24 учрашувнинг 23тасида ғалаба, 1 учрашувда дуранг қайд этиб, 70 очко билан жадвалда карвонбошилик қилмоқда. Футболчиларимиз рақиблар дарвозасига 144та тўп киритишган ва ўз дарвозасидан 6та тўп олиб чиққан.

Мана шундай кўрсаткичлар билан жамоалар ҳал қилувчи баҳсга етиб келишди.

“Бунёдкор W” – “Севинч” учрауви эртага, 9 ноябр жума куни “Бунёдкор” академиясига тегишли майдонда бўлиб ўтади. Учрашув соат 14:30да бошланади.

Барча футбол ишқибозларини ушбу қизиқарли учрашувга таклиф этиб қоламиз.