Pepsi Суперлига: “Насаф” - “Қизилқум”. Превью

Насаф

116 Ўқилди фикр билдирилган

Pepsi Суперлига: “Насаф” - “Қизилқум”. Превью

Шу ҳафтанинг 12-13 июл кунлари Pepsi Суперлиганинг қолдирилган 14-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Бу турда “Насаф” Навоий шаҳрининг “Қизилқум” жамоаси билан баҳслашади. Учрашув 13 июл жума куни “Марказий” стадионимизда бўлиб ўтади ва соат 21:00да бошланди.

Pepsi Суперлигаси, 14-тур

“НАСАФ” – “ҚИЗИЛҚУМ”

13.07.2018. “Марказий” стадион. 21:00да

Бош ҳакам: Олим Тўйчибоев (Фарғона)

Қанот ҳакамлари: Максим Нехочин (Наманган), Шерзод Аъзамов (Тошкент)

Захира ҳаками: Исхоқ Ибрагимов (Нукус)

Назоратчи: Ноил Лутфуллин (Тошкент)

Комиссар: Бахтиёр Маметов.

Ўзаро учрашувлар тарихидан

Мазкур жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташласак, “Қизилқум” ва “Насаф” жамоалари ҳозиргача 37 марта куч синашган. Ушбу баҳсларнинг 22 тасида жамоамизнинг қўли баланд келган бўлса, 6 учрашувда навоийлик футболчилар ғалаба қозонишган. 9 учрашувда томонлар дурангга имзо чекишган.

Тўплар нисбати бўйича ҳам “Насаф” устунлик қилмоқда: 70-39.

Энди мазкур жамоалар ўртасидаги энг йирик ҳисоблар ҳақида тўхталадиган бўлсак, жамоамиз “Қизилқум” устидан 7:1, 5:2 ва 4:0 кўринишида ғалабага эришган. “Қизилқум”нинг “Насаф” устидан энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 3:1 кўринишида.

Шу йилнинг 18 март кунида Навоийда ўтган ўзаро учрашувда, жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган эди.

Жамоамиз Рўзиқул Бердиев бошчилигида ҳали бирон марта, ҳоҳ Қаршида бўлсин, ҳоҳ Навоийда бўлсин, “Қизилқум” жамоасига мағлуб бўлган эмас.

Қаршида бўлиб ўтган ўзаро учрашувларга оид

Мазкур жамоалар Қаршида жами 17 марта ўзаро баҳслашган. Уларнинг 14тасида жамоамиз ғалаба қозонган, бир учрашувда “Қизилқум” жамоаси кичик 1:0 ҳисобида ғалабага эришган. Бу учрашув 2008 йили бўлиб ўтган. Қолган 2 учрашувда муроса кўчаси танланган. Қаршидаги учрашувларда жами дарвозаларга 59 марта гол киритилган. Голлар нисбати бўйича ҳам устунлик “Насаф” томонида: 45-14.

Бўлажак учрашув жамоаларнинг Қаршидаги 18-учрашуви сифатида тарихга киради.

Қаршидаги сўнгги беш учрашув натижаси

2017 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0

2016 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0

2015 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 3:1

2014 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0

2013 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 7:1

Юқорида таъкидлаганимиздек, “Қизилқум” жамоаси сўнгги бор 2008 йили Қаршидан уч очко билан қайтган. Ушбу учрашув 23-тур доирасида бўлиб, 4 октябр куни ўтган ва “маъданчи”лар кичик 1:0 ҳисобида зафар қучишган.

Мазкур жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув, 12 июл пайшанба куни Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳида бўлиб ўтади ва соат 18:30да бошланади.

Барча футбол ишқибозларини ушбу учрашувларга таклиф этиб қоламиз.