"Машъал" пул топиш учун бизнес қилмоқда

Машъал

762 Ўқилди фикр билдирилган

"Машъал" пул топиш учун бизнес қилмоқда

Мубоаркнинг “Машъал” клуби эскитдан профессионалликка интилган жамоа ҳисобланади. Про-лигада иштирок этаётган муборакликлар кутилганидек пешқадамликни ўз қўлига олишди. Лекин “Машъал”да ҳам молиявий томондан муаммолар бор. Шу боис раҳбарият ўзлари пул топиш йўлларини излаб топмоқдалар. Охирги пайтларда “Машъал” ўз етакчиларини Суперлигага сотиб юбориши ва ўз олдига қўйилган мақсад олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида кўп эшитяпмиз. Клубнинг ижрочи директори Илҳом Қурбонов эса барча масалага ойдинлик киритди ва қай тарзда қўшимча пул топаётганини ҳам айтди.

- “Машъал” клуби ёзда ўз етакчиларини Суперлига клубларига сотиш орқали молиявий аҳволини бир мунча яхшилаб олишни кўзлаб турибди ва ҳаттоки, керак бўлса, Суперлигага чиқиш вазифаси ҳам кун тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин, деган гапларни эшитяпмиз...

- Суперлигага чиқиш вазифаси кун тартибидан олиб ташланмайди. Бизнинг ўйинчиларимизни сотиб оламан деган харидор бўлса, биз исталган вақтда бунга тайёрмиз. Бу сиёсатни ўтган йилдан тарғиб қилишни бошладик. Биз белгилаган нархни ким кўтарса марҳамат бемалол сотиб олиши мумкин. Биз селекция ишларида ҳар куни ишлаймиз. Таркибни яна иқтидорли ёшлар билан ёшартиришга тайёрмиз. Кимнидир сотиб юборсак, бу “Машъал”нинг Суперлига учун курашмайди, деган нарса эмас. Ҳеч қачон бу вазифа ўзгармайди.

- “Машъал” етакчиларига айнан сизлар хоҳлаган нархга бошқа клублардан таклифлар бўляптими?

- Ҳозирча ҳаммаси оғзаки. Лекин ҳали жиддий таклиф бўлгани йўқ. 4-5 нафар футболчимизга кўз тикишяпти. Аммо бу қачонки, жиддий кўринишда бўлса, шундагина музокаралар столига ўтирамиз.

- Айтинг-чи, режа бўйича айнан қайси ўйинчиларни сотиб юбориш режада бор?

- Жамоамиздаги қайси футболчига таклиф билан чиқишса, ўшани сотамиз. Биз кимнидир ушлаб турмаймиз. Исталган ўйинчимизни пуллаб юбораверамиз. Футбол академиямизда яна янги футболчилар етишиб чиқяпти.

- Футболчиларни сотиш нияти қатъий бўлса, унда айтинг-чи, ўйинчиларга айнан қандай нархларни белгилагансизлар?

- Қачонки бирор-бир клуб футболчимизга жиддий таклиф билан чиқса, шунда биз улар билан савдолашиб, битта нархга тўхтаймиз. Агар биз олдинда палон сўмни айтсак-ку, кейин жиддий таклиф бўлмаса, унда ноқулай бўлади. Бозорни кўрамиз ва шунга қараб нарх белгилаймиз. Албатта, ҳар бир одам ўз маҳсулотини имкон қадар қимматроққа сотишни хоҳлайди. Аммо бугунги кунда бозор буни кўтармаганидан кейин нима қиласиз? Икки томон ўзаро келишган ҳолда бир қарорга келинади. Биз бунинг ҳамма тарафини ўрганиб чиқяпмиз.

- Агар етакчиларни сотиб юборсанглар, кейин вазифани бажаришга қийналиб қолмайсизларми? Бу таваккалчиликка ўхшаб кўриняпти.

- Балки қайсидир футболчиларни жамоамизда олиб қолишимиз ноўрин бўлса керак. Ёки кимнидир олиб қолармиз. Иккинчи давра тугаганидан кейин яна мураббий билан бу масалада бафуржа гаплашиб оламиз.

- 25 май куни “Машъал” стадионида шоу-тадбир ўтказилиб, унга эстрадамиз гуруҳларидан “Уммон” таклиф этилди. Бу тадбирни айнан “Машъал” клуби қўшимча пул топиш учун уюштирдими?

- Ҳа, нимадандир пул топиш учун ҳаракат қилишимиз керак-ку! Бизда қатор лойиҳалар бор ва уларнинг ҳар бирини эксперимент тарзда ўтказиб кўряпмиз. Келаси йилга эса ўзини оқлаган лойиҳаларимизни дастур қилиб белгилаб оламиз. Албатта, ушбу янги лойиҳалар орқали қанча миқдорда пул топиш мумкинлигини кўриб чиқяпмиз. Маркетинг бўлими билан гаплашиб ҳамма масаласини кўриб чиқяпмиз.

- Дарҳақиқат, “Уммон” гуруҳининг концерт дастурида стадион мухлислар билан тўлди. Айтинг-чи, режа бўйича ушбу лойиҳадан фойда кўрдингларми?

- Ҳа. Қилинган ҳаражатимиздан 50 фоизга фойда билан чиқдик. Масалан, 10 сўм пул сарфлаган бўлсак, қўшимча 5 сўм ишлаб олдик

- Янада аниқроқ айтиш мумкинми, айнан қанча миқдорда фойда кўрдинглар?

- Бу сир бўлиб қолаверсин. Яна бошқа лойиҳаларимиз устида ишлайверамиз. Бунинг устида ҳаракат қиляпмиз-у, аммо оғир бўляпти, қийналяпмиз.

- Шоу-тадбири учун чипталар қанча миқдорда сотилди?

- 10 минг сўмдан сотдик. Ўша куни “Ёшлар” ва “Уммон” гуруҳи меҳмон бўлди. Шунингдек, 17 ёшли футболчиларимиз ўртасида ҳам ўзига хос шоу ўйини бўлди ва бунда “Машъал” билан “Насаф”нинг тарбияланувчилари куч синашишди. Бу шоу ўйинни Кико Зунига келиб очиб берди. Футболдан кейин конценрт дастури бўлди.

- Клубнинг ҳомийлари маблағ томондан ёрдам бериб турибдими ёки пул топишни фақат ўзинглар эплаяпсизларми?

- “Машъал”нинг пешонаси ярқираган. Бу меҳр ва муҳаббат асосида яралган клуб ҳисобланади. 1982 йили “Машъал” “Автомобилст” номи остида ташкил топган. Жамоа раҳбарлари футболни жуда яхши кўришади. Гарчи шароитимиз оғир бўлса-да, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйишгани йўқ. Имкон даражасида ёрдам беришяпти. Лекин биз ҳам қараб турмасдан ўзимиз пул топиш йўлларини излаяпмиз. Тўғри, бу ҳаракатларимиз сметамизнинг 1-2 фоизини қоплаши мумкин холос. Лекин биз аста-секин бу ишларимизни кенгайтиряпмиз. Бизга фақат вақт керак. Сметани ўзимиз 100 фоиз қоплашимиз – бу ҳозирги кунда амалга ошириб бўлмас вазифадир. Бунинг учун йиллар керак. Ҳозирда ўйинлар учун чипталарни 10 минг сўм қилиб белгилаганмиз. Аммо бунинг ичида мухлисга футболка ёки кепка берилади. Сиз чиптани 10 минг сўмга сотиб оласиз ва унинг ичида қўшимча футболки ёки кепка бўлади. Сиз хоҳлаганингизни чипта билан бирга олишингиз мумкин бўлади. Бу ҳам бир бизнес.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Манба: SPORTS.uz