Мана эди одобнома дарсини 20 минглик стадионларда ўтамиз

Кеча битта жиҳатдан хурсанд бўлдим. “Пахтакор” матбуот хизматида мен кутган хабар чиқди: Лобанов мухлислардан узр сўрайди.

Хабар яхши ёзилган. “Пахтакор”нинг бу каби ишларга муносабати кўрсатилган, дарвозабон танқид қилинган ва жаримага солинган. Бу ҳақиқий профессионаллик белгиси. Жамоа раҳбарияти биладики, оламонни тартибга солиш қийин. Яхшиси, дарвозабон ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини босиб олиши керак. У профессионал, у алоҳида шахс, кимдир яхши кўргани каби, кимларнингдир ёмон кўриши нормал ҳолат. Масалан, Лобанов бош мураббий Шота Арвеладзедан ўрганиши мумкин. Барибир ҳақиқий футбол кўрган, Европа ҳавосидан нафас олган-да Шота, минглаб киши уни русчалаб сўкаётган бўлса-да, қўлларини юқори кўтариб, стадион ҳурмати қарсак чалиб қўйди. Яъни, у “Насаф”га ҳам ва унинг ҳақиқий ютуғи бўла олган мухлисларга ҳам тан берди. Аммо Лобановда бундай фикрлаш қаерда дейсиз?

“Бухоро” стадиони сухандони масаласида Игорь Сергеевнинг ёни бўлдим ва ўша принципимда қоламан. Сухандон ҳам, биз журналистлар ҳам ўзимизни босиб олишга мажбурмиз. Оддий мисол, шу сайтдаги мақолам тагида ўзимни ҳам ерга урадиган, танқид қиладиганлар етарлича. Бемалол, бу уларнинг фикри, ҳар бирига жавоб қайтариб чиқишни раво кўрмайман ўзимга. Ҳамма мени яхши кўриши шарт эмас.

Мен Лобановни ҳам, Сергеевни ҳам тушунаман. Осон эмас бутун Ўзбекистон бўйлаб фақат сўкиш эшитиб юриш. Ва бунда уларни айбдор ҳисобламайман, улар жимгина футболини ўйнаб юрибди. Буларнинг ҳаммаси ўз вақтида амалда бўлган нотўғри тузум оқибатидир. Тузум тўғри бўлганида, Бабаян деган одам кела олмасди терма тепасига. У бемалол келди ва билганича ишлади, ҳеч кимга ҳисоб беради. Ўз вақтида журналистларни машғулот майдонидан сўкиб ҳайдаган мураббий, ўзининг шогирдларини ҳам омма олдида ёмонотлиқ қилиб қўйди.

Бироқ одамлар ҳамма нарсани унутади. Масалан, Лобанов ва Сергеев мухлисларга яқин бўлсин, чиройли гапирсин, ўзини бошқа томондан кўрсатсин, омма уларни одам сифатида танисин. Оммага қарши чиқиш эса аҳмоқликдан бошқа нарса эмас, чунки бунинг иложи йўқ. Битта гапи учун Максимилиан Фомин, битта ҳаракати учун Тоҳир Шамсуддинов ҳеч ким бўлмай қолиши катта эҳтимол. Лобановнинг ҳам улардан ортиқ жойи йўқ.

Бугунги битта хабар эса мени ўйлантириб қўйди. ПФЛ тартиб-интизом қўмитасининг қарорини ўқиб, ўйимга ета олмадим. “Пахтакор”-ку ишини профессионал тарзда қилди, ПФЛ ҳам ўрнак олиб, жарималар белгилади, бу яхши, жиноят жазосиз қолиши керак эмас. Лобановдек иши учун АПЛ ҳам, Ла Лига ҳам жарима белгилаган бўларди. Бироқ улар бошқа йўлдан юрарди. Масалан, Де Хеа ўрта бармоқларини кўрсатгани учун жарима тўлайди. Буни унинг ўзи қилди, “Юнайтед” эмас. Аммо бизда Лобановнинг иши учун “Пахтакор” 50 миллион тўлаши керак экан. Лобанов-чи? Бунга уни Арвеладзе ёки раҳбарият мажбур қилмаганди, тўғрими?

Ўқишда давом этсам, пастроғида чақмоқ чақнаб кетди. Мухлислар мухлислик маданиятига риоя қилмагани учун “Насаф” 100 миллион жарима тўлар экан. Мана шуниси белдан пастга берилган зарба, менимча. Умуман, мухлислар тартибга чақирилиши, “Насаф” улар билан иш бориши керак. Бироқ бирданига нега бу каби қарор? “Насаф” кучли эди, рақибига имкон бермади, стадион ҳавас қилса арзигулик эди ва бирдан шунча жарима. Сизга савол бераман: Лобановни қолган стадионларда шундай сўкишмадими? Нега ўша клублар жаримага тортилмаганди-ю, бирдан “Пахтакор” енгилган ўйиндан кейин ПФЛга жон кирди? Ҳа, мен ҳам ҳақоратнинг ҳар қандай кўринишига қаршиман, шу билан бирга адолат ҳам бўлиши тарафдориман. Кимнидир сўкканим учун мен жарима тўласам-у, худди ўша одамни сўккан қолганлар сувдан қуруқ чиқса, қандай бўларкин?

Яқиндагина Патрис Эвре мухлислардан бирини тепди. УЕФА ҳам, “Марсель” ҳам мухлис ҳақида унутди, биринчи планга Эвра чиқди. Чунки у ўзини босиб олиши керак эди. Бунда “Марсель” жаримага тортилди, тўғри. Аммо “лекини” бор. Мухлислар белгиланган чегарадан ошиб, майдонгача тушиб кетишганди. Мен “Насаф” мухлислари чегарадан ошиб тушиб, Лобановга ҳужум қилганини кўрмадим ва эшитмадим, бу биринчидан.

Иккинчидан, “Насаф” мухлислари рақиб томонни ерга уриши, кимнидир ҳақорат қилиши ёки камситиши мумкин бўлган, сиёсий туси бор ёки ирқчиликка, миллатчиликка йўғирилган баннер кўтаргани йўқ. Шундай бўлганида, “Насаф” 100 миллион тўласа ва кейинги ўйинни мухлисларсиз ўтказиш ҳақида огоҳлантирилса, тушунардим. Улар уюшиб туриб Лобановга ташланмади ҳам, шунчаки ҳар бири ўз фикрини ва ичидагини айтиб олди. Юқорида айтиб ўтдим, бундай ҳолатда одамлар оламон бўлиб қолади ва уларни бошқариб бўлмайди. Лобанов қўлларини кўтариб, Арвеладзе каби қарсак билан чиқиб кетса, қадр топарди, кам бўлмасди.

“Эл-Класико”ни 2 та стадионда кўрдим. “Камп Ноу”да Роналдуни, “Сантьяго Бернабеу”да бутун “Барселона”ни тинч қўйишмади. Сўкишдан тортиб, ҳақоратгача бунда мужассам эди. Бироқ мухлислар стадионга нарса отмади, зарар етказмади, жойидан жилмади, шунчаки ўз фикрини баён қилди. Ўйинлардан кейин қайсидир томон бунинг учун жарима тўлаганини мен ўқимадим. Хулосани ўзингиз қилаверинг.

Ва албатта, “Пахтакор” мухлисларининг ҳаракатларига ҳам эътиборли бўлинг. Улар ҳам жунбушга келган вақтида ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Бу футболнинг бир қисми ва мен буни доим тўғри тушунаман. Ахир мухлислар стадионда эмоционал бўлади, улар ичидаги чиқариб ташлаш учун ҳам майдонга келади. Бунда ким ўзини қўлга ололади ва ким йўқ. Энди бир ками 34 минглик стадионни тўлдириб ўтирган одамларга одобномадан дарс ўтиш қолганди. Қизиқ, “Пахтакор” ва “Насаф”нинг бошқа қиладиган иши йўқми?

 

Диёр Имомхўжаев

Мана эди одобнома дарсини 20 минглик стадионларда ўтамиз”га 2 та фикр билдирилган

  1. Лобанов ўзинниг қай даражадаги профессионаллигини яна бир марта исботлади. Янгиланган УФФ асл башарасини намоён қилди. Хайр Қатар-2022!!!!

  2. Paxtakor Bunyodkor uyinini Paxtakor stadionida tomosha qilgandim. Aynan Paxtakor muxlislari orasida. Aziz Asimov golni hisoblamagan paytda Sudya p…z deb yana bir balolar deb sukinishdi hech kim jazolanmadi. Endi savol Lobanovni sukkanlar jazolanadi Asimovni sukkanlar jazolanmaydimi? e

Javob berish