“Насаф” чемпионатдаги кетма-кет ўнинчи ғалабасини нишонлади

Бугун “Марказий” стадионимизда Қашқадарё дербиси бўлиб ўтди. Унда “Насаф” жамоамиз Ғузорнинг “Шўртан” жамоасини қабул қилди.

Учрашувда футболчиларимиз рақиб дарвозасига учта жавобсиз тўп киритишиб, керакли ғалабани қўлга киритишди. Бугунги ғалаба, “Насаф”нинг кетма-кет ўнинчи ғалабаси сифатида қайд этиладиган бўлди.

Албатта бу ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Чунки, “Шўртан” жамоаси учрашувда тезкор гол ўтказиб юборгани билан, мазмунли ўйин кўрсатди. Улар жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишди.

Учрашувдаги дастлабки гол 3-дақиқада Шахбоз Эркинов томонидан пенальтидан киритилди. Бунда ҳимоячилар Баҳром Абдураҳимовни жарима майдончасида йиқитишган эди.

Шахбоз Эркинов бугун “Насаф”нинг олий лигадаги юбилей – 1120-голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Геннадий Красницский клуби аъзоси бўлган ҳужумчимиз бугун хет-трик эмас кўпроғини ҳам қўлга киритиши мумкин эди. Аммо негадир тўп бу ҳужумчимизга бугун кўп ҳам бўйсунмади. Аммо Шахбоз Эркинов бари-бир дубл муаллифи бўлди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биринчи бўлимдаги кўплаб яратилган ҳужумлар голсиз якунланди. Майдондаги тўлиқ устунлик ҳисобда акс этмади.

Иккинчи бўлимда ҳам устунликка эришган жамоамиз, ҳужумкор ўйин намойиш этди. Учрашувнинг 63-дақиқасида Драган Черан учрашувдаги иккинчи голни киритишга муваффақ бўлди – 2:0. Бу вазиятда ҳужум ўнг қанотдан ривожлантирилди, Баҳром Абдураҳимов томонидан ошириб берилган тўпни Драган Черан дарвозага жойлаб қўйди.

Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас Шахбоз Эркинов учрашувдаги учинчи голни киритди. Бу вазиятда меҳмонлар майдон марказида тўпни йўқотишди. Тўпни эгаллаган Баҳром Абдураҳимов тезкорлик билан қанот бўйлаб олдинга борди ва тўпни жарима майдонига ошириб берди. Тўпга биринчи бўлиб етиб келган Шахбоз Эркинов бир зарба билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 3:0.

Бугун Баҳром Абдураҳимов гол урмади, аммо учрашувдаги киритилган учта голда ҳам унинг ҳиссаси катта бўлди.

Учрашувга қўшиб берилган дақиқалар бошланган бир пайтда, меҳмонлар 11 метрлик жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Аммо Отабек Нарзуллаев бу имкониятдан фойдалана олмади. Унинг тепган тўпини Санжар Қувватов эгаллаб олди.

Шундай қилиб, “Насаф” керакли ғалабани қўлга киритди ва ўз ҳисобига қимматли уч очкони ёздириб қўйди.

Жамоамиз навбатдаги тур учрашувини ҳам ўз майдонида ўтказади. Бу сафар “Пахтакор” жамоаси меҳмонимиз бўлади. Учрашув 19 ноябр якшанба куни “Марказий” стадионда соат 14:00да бошланади.

 

ЎзПФЛ 28-тур

“Насаф” (Қарши) – “Шўртан” (Ғузор) 3:0 (1:0). 2748 томошабин

09.11.2017. “Марказий” стадион. 17:00

Бош ҳакам: Ахмаджон Эргашев (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Александр Сидоров (Тошкент), Султонмурод Улфатов (Тошкент вил.)

Захира ҳаками: Бахтиёр Юльчараев (Гулистон)

Назоратчи: Шамиль Жумаев (Шахрисабз)

ПФЛ вакили: Маъмур Саидқосимов.

 

Гол: Шахбоз Эркинов, пен.3’-1:0, 65’-3:0, Драган Черан, 63’-2:0

Амалга оширилмаган пенальти: Отабек Нарзуллаев, 90+1

 

“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 7.Одилжон Ҳамробеков (27.Ислом Рашидхонов 70), 10.Дилшод Раҳматуллаев, 15.Шахбоз Эркинов, 18.Баҳром Абдураҳимов (38.Дониёржон Нарзуллаев 77), 22.Игорь Голбан, 34.Фарруҳ Сайфиев, 69.Драган Черан (8.Сирожиддин Қўзиев 81), 77.Жасур Ҳасанов, 92.Умарбек Эшмуродов.

Захира: 1.Умиджон Эргашев, 4.Мақсуд Каримов, 14.Шароф Муҳитдинов, 31.Сайдулло Раҳматов.

 

“Шўртан”: 25.Алибек Туробов, 4.Жамол Отақулов, 5.Ҳасанбой Эргашев, 12.Лазиз Убайдуллаев, 15.Обид Жўрабоев, 18.Элдор Бойматов (7.Олимжон Каримов 58), 30.Жасур Холтўраев, 38.Сунатилло Мамадалиев (99.Марадона Сафаров 63), 77.Отабек Нарзуллаев, 85.Руслан Мельзиддинов (с), 92.Евгений Кочнев.

Захира: 1.Элдор Тожибоев, 17.Ғулом Раҳмонов, 19.Маъруфхон Муродов, 20.Шахзодбек Хурсанов, 46.Толиб Очилов.

 

Огоҳлантириш: Дилшод Раҳматуллаев (52), Санжар Қувватов (90+1).

Javob berish