“Насаф” чемпионатдаги кетма-кет тўққизинчи ғалабасини нишонлади

Бугун жамоамиз олий лига 27-тури доирасидаги учрашувни Бекободнинг “Металлург” жамоасига қарши ўтказди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, футболчиларимиз учрашувда эркин ва бехато ҳаракат қилишди. Ўз ўрнида бу сифат, ўйин ҳисобида ҳам акс этди. “Насаф” муҳим учрашувда ғалабага эришди.

Учрашувнинг бошидан катта ташаббусга эга бўлган жамоамиз кетма-кет ҳужумлари орқали меҳмонларни бутун жамоа бўлиб ҳимояланишга мажбур қилди.

Тўғри, “Металлург” жамоаси ҳам бир вазиятда тезкор ва хавфли қарши ҳужум уюштирди. Бунда дарвозабонимиз бирга-бир вазиятда ўзи қўриқлаётган дарвозасини муқаррар голдан асраб қолди. Яна бир вазиятда Абдуллаевнинг дарвозага йўллаган зарбасини Эшмуродов қайтариб қолди.

Бу меҳмонларнинг биринчи бўлимдаги яратган энг хавфли вазиятлари бўлди.

“Металлург” дарвозасига тўхтовсиз ташкил этган ҳужумларимизнинг бири гол билан якунланди. Драган Черан тўпни қабул қилиб, тезликда жарима майдончасига кириб борди ва дарвозага зарба берди. Тўпни посбон эгаллаб олгандек кўринди, аммо тўп унинг қўлидан чиқиб, дарвоза тўридан жой олди – 1:0. Черан бу билан ўз ҳисобига чемпионатдаги 16-голини ёздириб қўйди.

Биринчи бўлимда яна кўплаб уюштирилган ҳужумларимиз самарасиз якунланди. Дастлабки бўлим ана шу ҳисобда якунига етди.

Иккинчи бўлимни футболчиларимиз яна катта ташаббус билан бошлашди. Жамоамиз яна майдонда устунликка эга бўлишди. Яна кетма-кет ҳужумлар. Бу албатта учрашувнинг 51-дақиқасида самара берди. Навбатдаги ҳужумда Жасур Ҳасанов тўпни Баҳром Абдураҳимовга ошириб берди. Абдураҳимов бу сафар дарвозани нишонга олишда адашмади – 2:0. Баҳром Абдураҳимов бугун чемпионатдаги ўзининг 9-голини киритди.

Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам шиддатли давом этди. Майдонда ҳаракат қилган футболчилар томошабинларни анча ҳаяжонда ушлаб туришди. Улар бугун ҳужумкор ва чиройли ўйиннинг гувоҳи бўлишди.

Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда меҳмонлар ҳам ҳисобни қисқартириш учун фаолроқ бўлишди. Аммо ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимиз Санжар Қувватов уларнинг мақсадини пучга чиқаришди.

Шундай қилиб, жамоамиз навбатдаги ишончли ва муҳим ғалабани қўлга киритди. Бу ғалаба жамоамизнинг кетма-кет тўққизинчи ғалабаси бўлди.

“Насаф” энди навбатдаги 28-тур учрашувини 9 ноябр пайшанба куни Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига қарши ўтказади.

 

ЎзПФЛ 27-тур

“Насаф” (Қарши) – “Металлург” (Бекобод) 2:0 (1:0). 3450 томошабин

04.11.2017. “Марказий” стадион. 17:00да

 

Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло  Расулов (Тошкент), Жаҳонгир Саидов (Тошкент)

 

Захира ҳаками: Жасур  Мухторов (Тошкент)

Назоратчи: Артём Арутюнов (Тошкент)

ЎзПФЛ вакили: Ноил Лутфулин.

 

Голлар: Драган Черан, 27’-1:0, Баҳром Абдураҳимов, 51’-2:0.

 

“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 6.Азизжон Ғаниев (10.Дилшод Раҳматуллаев 76), 7.Одилжон Ҳамробеков, 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 34.Фарруҳ Сайфиев, 45.Бобир Абдухолиқов (15.Шахбоз Эркинов 78), 69.Драган Черан, 77.Жасур Ҳасанов (27.Ислом Рашидхонов 81), 92.Умарбек Эшмуродов.

Захира: 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 14.Шароф Муҳитдинов, 31.Сайдулло Раҳматов, 38.Дониёржон Нарзуллаев.

 

“Металлург”: 1.Зафар Сафоев, 2.Аброр Ҳусинов, 4.Ҳикмат Ҳошимов (с), 7.Дониёр Одилов (16.Сирожиддин Аллаев 77), 8.Аюбхон Нуъмонов, 11.Муроджон Тошматов, 13.Санжар Қодирқулов, 15.Зоҳид Абдуллаев, 19.Алишер Зиёвутдинов (6.Дилмурод Каримов 68), 22.Исломбек Исоқжонов (27.Муҳаммадодил Қаҳрамонов 85), 70.Жаҳонгир Абдумўминов.

Захира: 25.Тимурбек Тўйчиев, 5.Жасур Ахмедов, 28.Аброрбек Тошқўзиев, 38.Муҳаммаджон Султонов.

 

Огоҳлантириш: Азизжон Ғаниев (72) –  Дониёр Одилов (6), Муҳаммадодил Қаҳрамонов (90+1)

Javob berish