Қашқадарё футболини ўлдирманг ёҳуд клубларнинг ўзини ўзи боқиши ғирт чўпчак!

Насаф

961 Ўқилди фикр билдирилган

Қашқадарё футболини ўлдирманг ёҳуд клубларнинг ўзини ўзи боқиши ғирт чўпчак!

Акция ўтказдик, овозимиз етмади, ўзимизча билет олиб жамоага ёрдам бермоқчи бўлдик қурбимиз етмади... Энди эса умид ва мақсадлар ўрнини илтижо-ю дуолар эгаллади. Сабаби Қашқадарёдек мамлакат иқтисодиёти "локомотиви" бўлган вилоятга энди футбол керак эмас. Меҳнаткаш ва соддадил қашқа воҳаси халқининг ягона ва севимли овунчи ҳисобланган футбол "реонимация"да ётибди. "Шифокорлар" эса кино кўриб ўтиришибди. Ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирган ва футболимизга кўплаб истеъдодли йигитларни етказиб бераётган "Насаф" бугун молиявий танг аҳволда. Сабабларни сўрадик, қизиқдик, бировдан маънили гап чиқмади. Ҳамма клубларни давлат қарамоғидан чиқариш ва ўзини ўзи боқадиган "режим"га ўтказиш ҳақида гапиради. Қани бу ерда мантиқ? Яхшиси мантиқни сиз билан бир бошидан ҳисоблаймиз:

Ўзбекистонда қайси клуб ўзини ўзи боқади? Давлат пул ажратмаса футболимиз кимга керак? Атрибуткалар савдоси ва стадиондан тушган пул билан қайси клубнинг косаси оқарсин? Бу ҳам пул аммо масала "Насаф" ҳақида кетаётганда ўйлаб қоласан киши, воҳа (собиқ) грандибилетдан тушган пулга бугунни ўйласинми ёки эртани? Жамоага берсинми ёки академиягами? "ана, атрибуткаларини сотсин, маркетинги югурсин" дейишингиз мумкин. Лекин сизга савол: сиз "Насаф"нинг ёки исталган бирор жамоанинг атрибуткасини сотиб оласизми? Бир марта ювганда чўзилиб, краватга постил қилса бўладиган аҳволга келадиган арзон матога оддий бўёқ билан лого туширилган футболга кимга керак? Яна нархиям камида 30 минг сўм, Сал яхши ва сифатлироғига талаба бир ойлик степендиясидан кечишга мажбур.

Стадионга баннерлар жойлаштириш орқали пул ишлаш ҳақидаги қуруқ гаплар ҳам чиқиб қолди. Бу Тошкент клубларига мос ва хос аммо вилоятлардаги тадбиркорлар баннер учун йилига 10 миллиондан ортиқ бермайди, бера олмайди.

"Инвесторлар эртаги" эса Қашқадарё учун эмас назаримда, чунки бу заминда инвесторларга берадиган ортиқча ресурс ва заводлар йўқ деса ҳам бўлаверади. Хўш инвестор нима учун пулини (Қашқа) дарёга оқизиши керак? Ўзбекистонда улар учун ўзбек футболига маблағ ажрата оладиган даражада катта бозор борми? Йўқ, сабаби биз хали ривожланаётган ёш давлатмиз. Майли жуда чуқурлашиб кетмасдан футболга қайтамиз.

"Насаф"ни шу вақтгача молиялаштирган ШГКМ ("Шўртан Газ Кимё мажмуаси") эса... Ҳа майли...

Хуллас, ўзбек футболида бизга нон қолмади. КЛУБНИ ЁПИНГ! Биз ҳам сиқилмайлик, Қашқадарё футболи эса ўзбек футболига ўгай ўғилдек бўлиб қолди. Лекин мевага кирган дарахтни шунчаки, кесишнинг ҳам уволи бор...

ҚАШҚАДАРЁЛИК миллионлаб футбол мухлислари