Бу гал воҳа дербисида «Насаф» ғалабага эришди

Бугун Муборакда Қашқадарё дербиси бўлиб ўтди. Сўнгги бор Муборакда 2005 йили ғалаба қозонган жамоамиз, узоқ кутилган ғалабага эришди.

Учрашув кутилганидек дербига хос, муросасиз курашларга бой тарзда ўтди. Баҳром Вафоев стадионига ташриф буюрган футбол ишқибозлари ҳаяжонли, воқеаларга бой учрашувга гувоҳ бўлишди. Бугунги учрашувда майдонга тушган жамоалар ажойиб футбол учрашувини томоша қилишди.

Учрашув бошидан ташаббусга эга бўлган жамоамиз томонидан ташкил этилган ҳужумлар биринчи бўлим охиригача самара бермади.

Дастлабки бўлимда иккала жамоада ҳам гол уриш учун имкониятлар кўп бўлди. Аммо ҳеч бир футболчи дарвозага тўп кирита олмади.

Фақат биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида омад “Насаф”га кулиб боқди. Ўнг қанотдан Акмал Шораҳмедов томонидан ошириб берилган тўпни, Бобир Абдухолиқов бир зарба билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 0:1. Бобир Абдухолиқов бу билан жорий чемпионатдаги еттинчи голини киритди.

Шу билан биринчи бўлим якунига етди.

Иккинчи бўлим, дастлабки бўлимга нисбатан янада қизиқроқ кечди. Майдон эгалари ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумларга зўр беришди. Бу жамоамиз учун айни муддао эди. Учрашувнинг 73-дақиқасида Драган Черан узоқ масофадан, кучли зарба билан чиройли тарзда гол киритишга муваффақ бўлди – 0:2. У Баҳром Абдураҳимовнинг ташлаб берган тўпини дарвозага йўллаган эди. Черан бу билан ўз ҳисобидаги голларни ўн бештага етказиб олди.

Бу ҳисобдан кейин майдон эгаларининг ўйини сусайгандек кўринди. Аммо 79-дақиқада улар томонидан ташкил этилган ҳужум гол билан якунланди. Муборакдаги ўзаро учрашувларда “Насаф” дарвозасига гол урадиган Шахзод Шайманов бу сафар ҳам ўйинни голсиз тарк этмади. Унинг узоқ масофадан дарвозамизга йўллаган зарбасини Санжар Қувватов қайтаришга ожизлик қилди – 1:2. Эътироф этиш керак, Шаймановнинг урган голи ҳам жуда чиройли бўлди. Моҳир дарвозабонимиз Қувватов бунгача узоқ вақт дарвозасидан гол ўтказмаган эди.

Учрашувнинг қолган дақиқалари ҳам жуда ҳаяжонли кечди, ўйинда кўплаб тўхталишлар ҳам бўлди. Дербига хос ўйинда футболчилар ҳакам томонидан 5 марта огоҳлантирилди ва бир марта қизил карточка ҳам кўрсатилди. 86-дақиқада Сардор Абдураимов ҳакам томонидан иккинчи марта огоҳлантирилди ва унга қизил карточка кўрсатилиб, майдондан четлатилди. Аммо бу йўқотиш, “Машъал” жамоасининг ўйинига таъсир ўтказмади.

Ўйин охирида жамоамизда ҳисобни йирикроқ кўринишга ўзгартириш учун жуда яхши имкониятлар бўлди. Афсуски, бу вазиятлардан фойдалана олмадик.

Учрашув мана шу ҳисобда якунланди. Юқорида таъкидлаганимиздек, 12 йиллик танаффусдан сўнг “Насаф” Муборакда ғалабага эришди.

Жамоамиз навбатдаги учта тур учрашувини энди ўз майдонида ўтказади. Дастлаб, 4 ноябр шанба куни Бекободнинг “Металлург” жамоаси меҳмонимиз бўлади.

 

ЎзПФЛ 26-тур

“Машъал” (Муборак) – “Насаф” (Қарши) 1:2 (0:1). 3837 томошабин

26.10.2017. “Б.Вафоев” стадиони. 16:00да

Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Бухоро)

Қанот ҳакамлари: Ҳусниддин Шодмонов (Бухоро), Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро),

Захира ҳаками: Фирдавс Норсафаров (Қарши).

Назоратчи: Сардор Нажафалиев (Тошкент).

ПФЛ вакили: Бобур Хайдаров.

 

Голлар: Шахзод Шайманов, 79’-1:2 – Бобир Абдухолиқов, 45’-1:0, Драган Черан, 73’-2:0.

 

“Машъал”: 35.Жавоҳир Илёсов, 6.Сардор Абдураимов, 10.Ҳумоюн Муртазоев, 13.Шахзод Шайманов, 18.Аббос Шодмонов (с), 27.Никита Павленко (8.Мирзакмол Камолов 78), 31.Игорь Тиманюк (22.Бобур Қосимов 81), 44.Асил Бегимқулов, 55.Аваз Агалиев, 77.Абдуллоҳ Олимов, 90.Зафар Тўраев (19.Зоҳир Қўзибоев 54).

Захира: 30.Ботир Носиров, 11.Тамоки Мурамутсу, 20.Умиджон Матмусаев, 23.Кенжа Тўраев.

 

“Насаф”: 35. Санжар Қувватов, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 6.Азизжон Ғаниев (10.Дилшод Раҳматуллаев 79), 7.Одил Ҳамробеков, 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 34.Фарруҳ Сайфиев, 45.Бобир Абдухолиқов (27.Ислом Рашидхонов 86), 69.Драган Черан, 77.Жасур Ҳасанов, 92.Умарбек Эшмуродов.

Захира: 44.Музаффар Шарипов, 4.Мақсуд Каримов, 15.Шахбоз Эркинов, 31.Сайдулл Раҳматов, 38.Дониёр Ҳасанов.

 

Огоҳлантиришлар: Ҳумоюн Муртазоев (28), Сардор Абдураимов (72) – Одилжон Ҳамробеков (59), Акмал Шораҳмедов (89).

 

Четлатиш: Сардор Абдураимов – (“Машъал”, 86)

Javob berish