Геннадий Кочнев: «Таркибда муаммоларимиз мавжуд»

“Шўртан” – “Бухоро” (2:3) учрашувидан сўнг ўтказилган матубот анжуманинг икиинчи қисмида “Шўртан” жамоаси бош мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи, мураббий – Геннадий Кочнев ушбу учрашув борасидаги  фикрларини қуйидагича изоҳлади.

– Учрашувни ютқаздик. Аниқроғи, баҳснинг илк 20 дақиқасини ютқаздик. Чап қанотда йўл қўйилган иккита хатоимиз голлар билан якунланди. Бу ўз сўзини ўйин натижасида ҳам акс этди. Бизда имкониятлар ҳам анча юқори эди, жамоамиз ҳам рақибдан яққол устун эканлигини исботлади. Аммо имкониятлари кўп жамоа эмас, кўпроқ гол киритган жамоа ғалаба қозонади. Тайёргарлик жараёнида асосий диққат-эътиборни ҳимояга қаратган эдик. Афсуски айнан кўпроқ аҳамият берган чап қанотимиз бизга катта панд берди.

– Бундан чиқди, тайёргарлик жараёнида таркиб борасида муаммолар вужудга келган, шундайми?

– Ҳа, таркиб борасида муаммоларимиз, камчиликларимиз мавжуд. Шу сабаб, тайёргарлик жараёнида рокировкалар қўллаб кўрдик. Аммо бу ҳам самара бермади. Икки кун олдин Таран машғулотлар давомида жароҳат олди. У бугун бизга ёрдам бериши мумкин эди. Умумлаштириб айтганда, биз бугун ютқаздик. Биз айбдормиз. Шунинг учун, у ҳақида гапиришнинг энди фойдаси йўқ.

– Шогирдларингизга эътирозингиз йўқми?

– 70 дақиқа учун йўқ. Сабаби улар сўнгги сонияларгача вазиятни ўнглашга уриндилар. Аммо илк 20 дақиқада футболчиларимиз қўпол хатоларга йўл қўйишди.

– Жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолати тобора ёмонлашиб бораяпти. Рақибларингиз олдинга чиқиб боришмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш учун мураббийлар штаби томонидан қандай чоралар кўрилади?

– Ҳозир, қандайдир чора кўришни имконияти йўқ деб ўйлайман. Таркиб сиз билган футболчилардан иборат. Улардан максимал даражада ўзларини кўрсатишни талаб қилишдан бошқа чора кўрмаяпман. Шундай, бўлсада бугун йигитлар яхши ҳаракат қилдилар. Тўғри камчиликларимиз йўқ эмас. Айни шу ҳал қилувчи вазиятларда ўзимизни йўқотиб қўяяпмиз. Бунга яққол мислол қилиб, бугунги учрашувда Марадона Сафаровнинг ҳаракатларини келтириш мумкин. У ёш. Балки унга ҳаяжон панд бергандир. Сабаби, машғулотлар давомида тажрибали футболчиларга ёшлар бириктирилган эди. Аммо тажрибали футболчилар ўзлари қўпол хатоларга йўл қўйган бир пайтда ёшлардан ҳотиржамликни талаб қилиш ҳам нотўғри деб ўйлайман.

– Бу вазиятдан чиқиб кетиш чораларини излаш зарур деб ҳисобламайсизми?

– Албатта, вақт ўтиб бормоқда. Биз уй учрашувларида имкониятларимиздан фойдаланиб, ғалаба қозонишимиз шарт. Сафардаги ўйинларда ҳам очко учун курашишимиз зарур. Бугунги учрашувда ҳам ютқазмасликни мақсад қилиб ғалаба учун курашишга майдонга тушган эдик. Афсус, ўйлаганимиздек бўлмади. Йигитлар рақибга нотўғри баҳо беришди деб ҳисобламайман. Шунчаки, шогирдларим ҳаракатларида қандайдир ҳаяжон сезилиб тургандек бўлди. Ҳулоса ўрнида шуни ҳам айтиб ўтишни жоиз деб билдим, бугун натижа ўйинга мос бўлмади.

 

Манба: fcshurtan.uz

Javob berish