Рўзиқул Бердиев: “Қизилқум” жамоаси йилдан – йилга кучайиб кетаяпти”

“Насаф” – “Қизилқум” учрашувидан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз устози Рўзиқул Саъдуллаевич иштирок этди ва ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

-Сўзим бошида барча устозларимизни ва мураббийларимизни байрамлари билан самимий табриклайман. Менга ҳам жуда кўп азиз инсонлар устозлик қилган. Уларнинг меҳнатини ҳеч қачон унутмайман.

Бугунги учрашувда қадрдон футболчиларимизни кўришиб, кўпчилик хурсанд бўлган бўлса ажаб эмас. Гўёки бугун иккига бўлиниб ўйнагандек бўлдик (кулиб). “Қизилқум” жамоаси бугун ҳам бизга муносиб қаршилик кўрсатди. Жамоа катта тажрибага эга жамоа. Эътироф этиш керак, “Қизилқум” жамоаси йилдан-йилга кучайиб бораяпти. Ўйинлари жуда мазмунли бўлаяпти. Шунинг учун бугун бизга жуда қийин бўлди.

Энди жамоамиз ўйинига тўхталадиган бўлсам, бугун катта меҳнат эвазига майдонда устунликка эришдик. Ўйинда ҳисоб йирикроқ ҳам бўлиши мумкин эди, аммо вазиятлардан тўлиқ фойдалана олмадик.  Энг асосийси ғалаба қозондик. Мақсадимиз кўпроқ очко жамғариш.

Албатта ўз ўрнида эътироф этишим керак. Бугун “Қизилқум” жамоаси сафида кўпгина собиқ ўйинчиларимиз ҳаракат қилишди. Уларнинг клубимиз ютуқларига қўшган ҳиссалари жуда салмоқли. Бунинг учун биз улардан доимо миннатдормиз, уларнинг меҳнатини доимо қадрлаймиз.

Илҳом Шомуродов? Мен шахсан Илҳом билан доимо алоқадаман. Афсуски, унинг соғлигидаги муаммо футболга қайтишига ҳалақит бераяпти. Аммо олдинги ҳолатига нисбатан, ҳозирги ҳолати анча яхши. Бу азиз футболчимизни тезроқ соғайиб, сафга қайтишини умид қилиб қоламан.

Javob berish