Гулҳайё Маннобоева: “Севинч” да ўз ўрнимга эга бўлишимга ишонаман”

Аввал хабар берганимиздек, “Севинч” ўз таркибига бунгача “Андижанка” жамоасида фаолият юритган ҳимоячи Гулҳайё Маннобоевани ўз сафига қўшиб олди.

Биз ушбу футболчи билан қисқача суҳбат уюштирдик.

-Гулҳайё “Севинч”га келишингиз қандай рўй берди?

-“Севинч” клуби нафақат мамлакатимизда балки хорижда ҳам яхши танилган, энг кўп соврин йиққан етакчи клуб ҳисобланади. Бу жамоада тўп тепиш шарафли ва маъсулиятлидир. Мен бу жамоа футболчисига айланганимдан хурсандман. “Севинч” жамоасидаги кўпгина футболчилар билан ёшлар терма жамоасида икки йилдан буён тўп тепмоқдаман. Мураббийимиз Баҳром ака Норсафаров улар қатори мени ҳам яхши билардилар. Биз биргаликда кўплаб учрашувларда майдонга тушдик. Ўйлайманки, у киши мени “Севинч” жамоасининг бош мураббийи Владислав Николаевичга тавсия қилган бўлсалар керак.

-Сизни клубда қандай кутиб олишди, жамоага мослашишингиз қандай кечаяпти?

-Мени “Севинч”да жуда яхши кутиб олишди. Бу ердаги шароитларнинг ҳаммаси профессионалча ташкил этилган. Футболчи учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Юқорида айтиб ўтганимдек, “Севинч”да тўп тепаётган қизлар билан олдиндан танишмиз. Мураббийлар футболчиларга ўз фарзандларидек муносабатда бўлишади. Умуман олганда клубдаги муҳит жуда яхши. Шунинг учун тезда мослашиб ҳам кетдим.

-Биласиз, “Севинч” жамоасининг ҳар чизиғида маҳоратли ва тажрибали футболчилар тўп тепишади. Сиз жамоада ўз ўрнингизни топиб кетишга ишонасизми?

-Тўғри, жамоада кўплаб тажрибали футболчилар бор. Бу жамоада ўз ўрнига эга бўлиш учун кўп меҳнат қилиш керак. Мен табиатан меҳнат қилишдан қўрқмайман. Жамоамда ўз ўрнимга эга бўлишимга ишонаман. Қолаверса, “Севинч”да ўз ишини усталари бўлган мутахасислар ва футболчилар бор. Умид қиламанки, улар мени қўллаб-қувватлашади. Жамоамиз сардори Камола Рискиеванинг кўп йиллардан буён ўйинларини кузатиб келаман. Катта тажрибага ва характерга эга футболчи. Мен Камола опага ҳавас қиламан. У кишидан ҳам зарур кўп нарсаларни ўрганмоқдаман.

-Раҳмат, жамоамиз сафидаги фаолиятингизга муваффақиятлар тилаймиз.

 

Манба: pfcsevinch.uz

Javob berish