КАМОЛИДДИН РАҲИМОВ: Ниятимиз, “Шўртан”ни аввалги мавқеъини қайтариш

Хабарингиз бор, яқинда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Олий лигасида иштирок этаётган ғузорликлар жамоаси раҳбариятида ўзгариш юз берди. Клуб бош ҳомийси «Шўртаннефтгаз» МЧЖ раҳбриятининг тавсияси ва қарорига кўра эндиликда «Шўртан» ПФК МЧЖ Бош директори лавозимида ёш, ғайратли ва шижоатли инсон К.Э.Раҳимов фаолият олиб борадиган бўлди. Камолиддин Эргашевич, жамоада биринчи давра якуни арафасида иш бошлади. Маълумки, «Шўртан» бу йилги мусобақанинг оралиқ даврасини, ўзига хос бўлмаган 14 ўрин билан якунлади. Кўриниб турибдики, иккинчи даврада жамоа олдида ҳали бажариладиган ишлар етарлидан ҳам ортиқроқ. Хўш, ёзги таътилдан кейинги режалар, иккинчи даврага тайёргарлик жараёнлари, таркибни кўчайтириш масалалари қай тарзда олиб борилмоқда. Янги раҳбарнинг иш режалари ва мақсадларидан нималар ўрин олган. Ушбу саволлар юзасидан, биз К.Э.Раҳимов билан суҳбат ташкиллаштирдик:
– Камолиддин Эргашевич, аввало «Шўртан» ПФК МЧЖ Бош директорлигидек масъулиятли вазифага тайинланишингиздан сўнг ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?

 

-Клуб раҳбарлигига тайинланганимдан сўнг жамият фаолиятини ўрганиб чиқдим. Шуни айтиш жоизки, клубда бажарилиши лозим бўлган ишлар жуда ҳам кўп. Клуб раҳбариятида ва мураббийлар штабида ўзгаришларни амалга оширдим. Клуб раҳбариятининг эътиборсизлиги, селекция ишларида йўл қўйилган хато ва камчиликлар, мураббийлар штабининг савияси пастлиги, жамоанинг турнир жадвалида қуйи поғонадан ўрин эгаллашига асосий сабаб бўлди деб ҳисоблайман.

– Одатда ҳар қандай ташкилотда янги тайинланган раҳбар ўз мақсад ва режалари билан иш бошлайди. Айтингичи, Сиз бу борада қандай янгиликлар, ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?

-Жамоанинг молиявий аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас. Клубнинг 2012-2016 йиллардан бери тўланмасдан, йиғилиб келаётган қарздорлиги мавжуд. Шу сабабли, асосий вазифаларимдан бири қарздорлик билан боғлиқ бўлган муаммоларни қўлдан келгунча тезроқ бартараф қилишдан иборат. Клуб тасарруфидаги фаолияти деярли тўхтаб қолган “Қурилиши сектори”ни қайта ишга тушириб, янги иш ўринларини яратиш орқали ҳам ушбу қарздорликларни камайтиришни режалаштирганман. Йил якунига қадар, “Шўртан” футбол академиясини ишга туширишни ҳам кўзда тутганмиз.  
– Маълумки, «Шўртан» жамоаси бу йил Ўзбекистон чемпионати Олий лигасида ўзининг ўн иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Ўз даврида, яъни 2010 йили жамоамиз Олий лигада 4 ўринни эгаллади. Ўша йилнинг ўзида мамлакат Кубоги баҳсларида финалга қадар етиб борди. Ҳаттоки, Халқаро мусобақа – Осиё футбол Конфедерацияси Кубоги-2011 турнирида ҳам муносиб иштирок этди. Лекин кейинги йилларда «Шўртан жамоаси ўз мавқеини бироз пасайтириб юборгандек бўлмоқда. Сиз жамоани бу йилги мусобақаларнинг биринчи давра охирида қабул қилиб олдингиз. Гарчи, «Локомотив», «Пахтакор», «Бунёдкор» каби кучли жамоалар мағлубиятга учратилган бўлса-да, давра якунлари бўйича раҳбарият «Шўртан» иштирокини қониқарсиз баҳолади. Натижада мураббийлар гуруҳида ҳам истеъфолар қайд этилди. Демоқчимизки, жамоа иштирокини янги босқичга кўтариш, иккинчи даврага кўнгилдагидек тайёргарлик кўриш, мураббийлар гуруҳини янгилаш ва таркибни кучайтириш борасида қандай ишлар олиб бориш режалаштирилган?
Ҳозир айтиб ўтганимдек, клубда бажарилиши зарур бўлган ишлар ва вазифалар жуда кўп. Авваламбор, жамоага яхши мутахассисларни жалб қилмоқчиман. Куни кеча, Виталий Легай ва Геннадий Кочневлар клубимизда иш бошладилар.  Жамоанинг машғулотлар жараёнини тўлиқ тушуна биладиган, футболчиларни жисмоний ҳолатини яхши англай оладиган, техник ва тактик жиҳатларини ҳам юксалтира оладиган, соғлом жамоавий муҳитни ярата оладиган яна бир-иккита яхши мутаҳассислар таклиф этилади. Иккинчи давра оралиғидаги тайёргарлик жараёнида эътиборни кўпроқ ўзимизни маҳаллий тарбияланувчиларимизга қаратамиз. Жамоани кучайтириб, уни аввалги мавқеъини қайтаришга ҳаракат қиламиз. Ҳақиқатдан ҳам жамоамиз биринчи даврада сенсацион ғалабаларни қўлга киритди, аммо омад хар доим ҳам келавермаслигини унутмаслик шарт. Шу сабаб, жамоавий ва тартибли ўйин кўрсата оладиган жамоа шакллантиришга бел боғлаганман.
– Яқинда Республика миқёсидаги Оммавий Ахборот Воситаларида, жамоанинг собиқ бош мураббийи вазифасини бажариб борган Ихтиёр Каримовнинг «Шўртан» ва унинг биринчи даврадаги иштироки, жамоа атрофидаги масалалар хусусидаги суҳбати чоп этилди. Ана ўша суҳбат давомида жамоамиз бир қатор муаммолар ичида қолганлиги таъкидланиб, энг асосий урғу молиявий ҳолатнинг яхши эмаслигига берилганди. Айниқса, гап 2011 ва 2012 йиллар давомида жамоада фаолият олиб борган легионер футболчилар ва ишлаган мутахассисларнинг иш хақлари тўланиши билан боғлиқ муаммолар Халқаро футбол ташкилоти – ФИФАга қадар етиб борганлиги ва «Шўртан» ПФК турли даражадаги жазоларга тортилаётганлиги, бу муаммолар ечими осон кечмаслиги айтилган. Ҳаттоки, жамоамизнинг Олий лигадаги кейинги иштироки ҳам сўроқ остида эканлиги қайд этилган. Бу борада ўқувчиларга, мухлисларга ва мутахассисларга қандай фикр билдирасиз?

-Ҳақиқатдан ҳам, 2011-йилда жамоамиз таркибида тўп сурган Урош Милосавлевич ҳамда 2012-йилда “Шўртан”да мураббийлик вазифасида фаолият олиб борган Игорь Криушенко ва Виталий Варивончикларнинг  ўз вақтида тўланмаган маошлари бўйича ФИФАга қилган мурожаатлари натижасида келиб чиққан жиддий муаммолар мавжуд. “Шўртан”да 2011 йилдаги мавсумнинг биринчи даврасида тўп сурган Милосавлевич билан биринчи давра якуни бўйича тўлиқ ҳисоб –китоб қилинган. Иккинчи даврада ушбу футболчи  “Бунёдкор” жамоасида тўп суриб  Ўзбекистон Чемпиони бўлган. Лекин шундай бўлсада, орадан 3 йил ўтиб иккинчи давра учун “Шўртан”дан пул талаб қилиб ФИФАга мурожаат қилган. Клуб раҳбариятининг унинг мурожаати бўйича ФИФА томонидан келган хатларига ва қарорларига беэътибор бўлганлиги натижасида “Шўртан” катта миқдордаги жарима тўлашга мажбур бўлди. Уша жарима тўлови ҳам кечиктирилган ҳолда тўланганлиги сабаб, ФИФА қўмитаси жамоани биринчи лигага туширилиши тўғрисида қарор қабул қилган. Биз ФИФАга бу қарори бўйича эътироз хати юборганмиз ва якуний қарорни кутмоқдамиз. Ушбу эътирозимиз қабул қилиниб, натижаси ижобий бўлишига умид қилаяпмиз. Игорь Криушенко ва Виталий Варивончиклар муаммоси ҳам ушбу муаммога ўхшаш. 2012-йилда, мураббийлар олдида клуб жуда кам миқдорда қарздор бўлган. Аммо клубда ўтказилган молиявий ва хўжалик фаолияти бўйича назорат тафтиши натижасида юзага келган молиявий муаммолар сабабли ушбу қарздорлик тўланмай қолган. Кейинчалик, раҳбарият томонидан ушбу қарздорликни тўлаш имконияти мавжуд бўлган. Ушбу мураббийлар ҳатто раҳбарият билан алоқага чиққан ва клуб базасига ташриф ҳам буюришган. Бундан ташқари, ушбу муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида битим тузиш таклифини ҳам билдиришган. Аммо клуб раҳбарияти қуруқ ваъададан бошқасига ярамаган. 2016-йилда эса ушбу мураббийлар ФИФАга мурожаат қилишган. Уларнинг мурожаати бўйича ҳам ФИФА қўмитаси қарор чиқарган. Лекин ушбу қарор ҳам эътиборсиз қолдирилган ва бунинг натижасида 2017-йилда клуб ФИФАнинг навбатдаги огоҳлантиришини қабул қилишга мажбур бўлди. Шундай бўлсада, биз мураббийлар билан алоқага чиқиб улар билан келишув битимини имзолашга ва қарорда белгиланган жарима суммаси миқдорини анчагина камайтиришга эришдик.     
– Кўп минг сонли мухлисларимизни бугунги кунда севимли «Шўртан» жамоамизнинг кейинги тақдири қизиқтирмоқда. Ушбу саволга ҳам аниқ ойдинлик киритиб кетсангиз?

-Юқорида айтиб ўтганимдек, биз, яъни янги раҳбарият қисқа муддат ичида жиддий муаммоларни бартарф қилиш йўлида қўлимиздан келган барча ишни қилдик. ФИФА қўмитасининг жавобини кутишдан бошқа чорамиз йўқ.

– Ёзги таътил ҳам деярли ўз ниҳоясига етди. Иккинчи даврага тайёргарлик ишлари қачон ва қаерда олиб борилади? Жамоага янги бош мураббий ва унинг ёрдамчиларини тайинлаш борасида қандай қарор қабул қилинди.
– Жамоамиз кеча клуб қароргоҳида иккинчи даврага тайёргарлик машғулотларини бошлаб юборди. Уқув-йиғин машғулотларини яхши ва сифатли ўтиши учун Легай ва Кочнев каби малакали мураббийларни жалб қилдик. Яқин кунларда бош мураббий масаласи ҳам ҳал этилади. 5 июлдан 18 июлга қадар жамоамиз машғулотларни Ғузорда ўтказади, 21 июлдан 2 августга қадар  эса иккинчи даврага тайёргарликни Тошкентда давом эттиришни режалаштирганмиз.

– Табиийки, таркибни муносиб футболчилар билан шакллантириш, бўш чизиқларни кучайтириш ишлари тўғрисида ҳам тўхталсангиз?

– Албатта, хабарингиз бор клуб мавсумнинг биринчи давраси якуни бўйича бир қатор футболчилар билан ҳайрлашди. Уларни ўрнини эса асосан маҳаллий футболчиларимиз билан тўлдириш билан бир қаторда бошқа жамоалардан ҳам бир нечта иқтидорли футболчиларни таклиф қилишни режалаштирганмиз.  

Манба: fcshurtan.uz

Javob berish