Владислав Хан: «Жамоамизда яна ғолиблик руҳи тикланаётганидан мамнунман»

«Севинч» – «Бунёдкор W» жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етгач, жамоамиз устози Владислав Николаевичдан ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишни сўрадик.

-Жамоамизда яна ғолиблик руҳи тикланаётганидан мамнунман. Негаки, ўтган чемпионат ниҳоясига етгач, таркибимизни кўплаб тажрибали футболчилар тарк этган эди. Уларнинг ўрнини ҳали олий лигада тўлиқ тажриба тўпламаган, ёш футболчилар билан тўлдирган эдик. Ўзингиз биласиз, етарли тажрибага эга бўлмаган ёш футболчилар билан кўзланган мақсадга эришиш мушкулроқ. Аммо биз ўз ўйинчиларимизни тезроқ ўзига бўлган ишончни ортириш, уларга ғолиблик руҳини сингдириш бўйича тинмасдан ишлаяпмиз. Бу меҳнатларимиз энди натижасини кўрсата бошлади. Бунга мисол қилиб, бугунги учрашувдаги ғалабани келтириш мумкин. «Бунёдкор W» жамоаси бу йилги  чемпионатда тўлиқ натижага эришиб келаётган жамоа эди. Шогирдларим бугун олдиларига қўйилган вазифани ажойиб тарзда адо этишди. Биз бугун ишончли ғалабага эришдик. Бундан хурсандмиз.

Тўғри, ҳали камчиликларимиз бор, бунинг устида ишларимизни сусайтирмаймиз ва клубимизнинг ғолибона юришини давом эттирамиз, – дейди Владислав Хан.

Манба: pfcsevinch.uz

Javob berish