«Севинч» бугун «Локомотив W»ни йирик ҳисобда мағлуб этди

“Севинч” бугун 4-тур доирасидаги учрашувни ўз майдонида Тошкентнинг “Локомотив W” жамоасига қарши ўтказди.

Бугун бир неча етакчи футболчиларимиз кичик жароҳатлари туфайли жамоамизга ёрдам бера олишмади. Булар дарвозабонимиз Лайло Тилавова ҳамда жамоамиз сардори ва ҳимоячимиз Камола Рискиевалар эди.

Учрашув бошидан футболчиларимиз майдонда ташаббускор бўлишди. Улар тўхтовсиз “Локомотив W” дарвозасига ҳужумлар уюштиришди. Учрашувдаги дастлабки гол меҳмонлар томонидан ўз дарвозасига киритилди 1:0. Бунда катта босимда қолган ҳимоячилардан, Назокат Маматисоқова тўпни майдондан чиқариб юборишда хатога йўл қўйган эди.

Бу голдан кейин жамоамиз яна ҳужумларга зўр беришди. Бу албатта ўз самарасини берди, Нилуфар Қудратова орадан бир дақиқа ўтиб учрашувдаги иккинчи голни киритди – 2:0. Учрашувдаги учинчи гол Шаҳноза Қурбонова томонидан 25-дақиқада киритилди. Чап қанотдан ташкил этилган навбатдаги ҳужум, Қурбонова томонидан киритилган  гол билан якунланди – 3:0. Орадан беш дақиқа ўтиб, яна меҳмонлар вакили Ильвина Камолиева  ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди – 4:0. Биринчи бўлимдаги бешинчи ва олтинчи голлар Шаҳноза Қурбонова ва Нилуфар Қудратовалар томонидан киритилди – 6:0.

Мана шу ҳисобда биринчи бўлим якунига етди.

Навбатдаги бўлим ҳам жамоамиз устунлигида бошланди. Иккинчи бўлим бошидан майдонга тушган Гулзода Амирова 56-дақиқада ҳисобни 7:0га ўзгартирди. Аммо бу голдан кейин жамоамиз бироз сусткашликка йўл қўйди ва ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. “Локомотив W” жамоаси голини 60-дақиқада Зуҳра Бердиева киритди – 7:1.

Кейинги дақиқаларда мураббийларимиз таркибда яна бешта ўзгариш қилишди. Жамоамиз ўйин охирларига келиб, ҳисобни 10:1га ўзгартиришга эришишди. Қолган голларни Мафтуна Панжиева, Нилуфар Қудратова ва Сўғдиёна Алламуродовалар киритишди.

Бу учрашувда ҳужумчимиз Нилуфар Қудратова бу йилги чемпионатдаги дастлабки хет-трикни ўз ҳисобига қайд эттириб қўйди. Шаҳноза Қурбонова эса дубл муаллифи бўлди.

«Севинч» бу йилги чемпионатни муваффақиятсиз бошлаган эди. Мураббийларимиз ўтган уч учрашувни чуқур таҳлил қилишиб, йўл қўйилган камчиликлар устида астойдил иш олиб боришди. Футболчиларимиздан хатолар ва камчиликлар устида кўпроқ ишлашларини талаб қилишди. Натижага ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Жамоамиз ниҳоят 4-турда ўзининг дастлабки жанговор ўйинини намойиш қилди. Ўйлаймизки, бу жанговор ва зафарли юришлар яна давом этади.

«Севинч» чемпионатнинг 5-турида яна бир Тошкентнинг жамоасини қабул қилади. Бу турда «Бунёдкор W» жамоасига қарши баҳс бўлади. Учрашув 20 май шанба куни бўлиб ўтади.

 

XXIII Ўзбекистон чемпионати, 4-тур

«Севинч» (Қарши) –  «Локомотив W» (Тошкент) 10:1 (6:0)

17.05.2017. «Геолог» стадиони, 17:00да

Бош ҳакам: Даврон Акмалов (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Санжар Назаров (Тошкент), Зилола Раҳматова (Қарши),

Захира ҳаками: Маржона Раҳматқулова (Шахрисабз)

Назоратчи: Июб Исаев (Тошкент)

ЎзАФА вакили: Алишер Файзиев.

Голлар: Нилуфар Қудратова, 5′-2:0, 41-6:0, 80′-9:1, Шаҳноза Қурбонова, 25′-3:0, 33′-5:0, Гулзода Амирова, 56′-7:0, Мафтуна Панжиева, 73′-8:1, Сўғдиёна Алламуродова, 90′-10:1  – Назокат Маматисоқова (автогол), 4′-1:0, Ильвина Камолиева (автогол), 30′-4:0, Зуҳра Бердиева, 60′-7:1.

“Севинч”: 33.Мафтуна Жонимқулова, 27.Шодия Тошева (18.Шахноза Шакирова 55), 7.Олия Ахмедова (с) (14.Гулзода Амирова 46), 9.Мафтуна Шойимова, 20.Севара Нормуродова (3.Шоира Қултураева 60), 11.Шахзода Жамолова (21.Сўғдиёна Алламуродова 75), 10.Ильвина Аблякимова (23.Мафтуна Панжиева 67), 37.Малика Бурхонова (6.Феруза Бобохўжаева 59), 15.Шахноза Қурбанова, 77.Нилуфар Қудратова, 17.Танзиля Зарбиева.

Захира: 1.Лайло Тилавова.

“Локомотив W”: 1.Камила Юмангулова(с), 24.Зуҳра  Бердиева (34.Хуршида Жуманова 68), 18.Ильвина Камолиева (27.Дурдонахон Бахтиёрова 42), 3.Диёра Раҳматова (50.Маҳлиё Абдурашидова 33), 70.Назокат Маматисоқова, 22.Омадхон Султонова (21.Шаҳло Қодирова 30), 11.Нозимахон Эргашева, 28.Камола Бердиева, 77.Зарина Бобоева, 97.Нодира Муйдинова, 10.Моҳигул Икромова.

Захира:

Огоҳлантириш: Мафтуна Шойимова 59, Мафтуна Панжиева 88 – Ильвина Камалиева 7, Камола Бердиева 52, Назокат Маматисоқова 78.

Учрашув фотогалереяси.

Манба: pfcsevinch.uz

Javob berish