Ўзбекистон кубоги-2016 финали. “Локомотив” – “Насаф”

Самарқанд шаҳри 30 ноябр куни Ўзбекистон кубоги-2016 финал учрашувига мезбонлик қилади. Финал учрашувида мамлакатимизнинг икки етакчи клублари, бу йил чемпионликни қўлга киритган -“Локомотив” ва амалдаги Ўзбекистон кубоги соҳиби – “Насаф” жамоалари ўзаро баҳс юритишади.

Бу икки жамоа 2015 йили Ўзбекистон кубоги баҳсларининг ярим финалида туқнаш келишган.

Ярим финалнинг дастлабки учрашуви Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда 12 август куни бўлиб ўтган. Ушбу учрашувда жамоамиз “темирйўлчилар”ни 2:0 ҳисобида доғда қолдиришган. Учрашувдаги голларни Азамат Алланиёзов ва Шоҳруҳ Гадоевлар киритишган.

Ярим финалнинг жавоб учрашуви эса 2015 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган. Бунда “Локомотив” жамоаси 1:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритган, учрашувдаги ягона голни Марат Бикмаев киритган. Ҳар иккала учрашувнинг умумий ҳисобига кўра, жамоамиз финал  йўлланмасини қўлга киритган эди.

“Насаф” жамоаси бу йил ўз тарихида олтинчи марта кубок финалида иштирок этса, “Локомотив” жамоаси иккинчи марта финалда қатнашади. Ушбу жамоалар ўз тарихида бир мартадан кубок соҳиби бўлишган. “Насаф” амалдаги кубок соҳиби бўлса, “темирйўлчилар” 2014 йилда кубокни қўлга киритишган эди.

“Локомотив” жамоаси ПФЛ томонидан ўтказилган қуръага кўра, финал учрашувининг номинал майдон эгаси ҳисобланади.

Яна бир марта эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви 30 ноябр чоршанба куни, Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида соат 13:00да бошланади.

Финал учрашуви чипталари,  «Марказий» стадион чиптахоналари орқали сотилмоқда.

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish