Ўзбекистон Кубоги. Финаллар тарихидан

Бугундан бошлаб, “Насаф” ПФК расмий сайти орқали Ўзбекистон Кубоги финалига оид маълумотларни, хабар ва янгиликларни бериб борамиз.

Ўзингизга маълум, 30 ноябр чоршанба куни Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида Ўзбекистон Кубоги-2016нинг финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда “Насаф” жамоаси “Бунёдкор”/”Локомотив”  жамоалари жуфтлигининг ғолиби билан куч синашади.

Бу йил ўзбек футболи тарихидаги XXIV Ўзбекистон Кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади. Ўзбекистон Кубоги мусобақаси 1992 йилдан бошлаб ўтказила бошланган. Илк финалчи “Навбаҳор” ва “Темирйўлчи” жамоалари бўлишган. Мазкур ўйин Самарқанд шаҳрида ўтказилган. Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси Ўзбекистон Кубогининг илк соҳиби ҳисобланади. Орадан 23 йил ўтиб, Самарқанд шаҳри яна финал учрашувига мезбонлик қилмоқда.

Ўзбекистон Кубогининг амалдаги эгаси Қаршининг “Насаф” жамоаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Кубоги финалига оид фактлар

Шу пайтгача Ўзбекистон Кубогини мамлакатимизнинг етти жамоаси қўлга киритган.

“Пахтакор” – 11 марта (1993, 1997, 2001/02, 2002/03, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2009, 2011 йиллар)

“Бунёдкор” – 4 марта (2008, 2010, 2012, 2013 йиллар)

“Навбаҳор” – 3 марта (1992, 1995, 1998 йиллар )

“Нефтчи” – 2 марта (1994, 1996 йиллар)

“Дўстлик” – 1 марта (1999/00  йил)

“Локомотив” – 1 марта (2014 йил)

“Насаф” – 1 марта (2015 йил)

Энг кўп финалга мезбон бўлган стадион: “Пахтакор”  марказий стадиони – 18 марта. 2014 йилдан буён финаллар бошқа стадионларда ўтказилмоқда.

Энг кўп томошабин кирган финал: “Дўстлик” – “Самарқанд” (30000 томошабин) 1999/2000 йиллар

Энг кўп гол урилган ўйин: “Пахтакор” – “Нефтчи” 6:3 (қўшимча вақтда) 2001/2002 йиллар

Энг кам гол урилган учрашувлар: “Навбаҳор” – МҲСК (1:0), “Пахтакор” – “Нефтчи” (1:0), “Пахтакор” – “Бунёдкор” (1:0), “Бунёдкор” – “Шўртан” (1:0), “Локомотив” – “Бунёдкор” (1:0).

Кубок финалларида 3 марта пенальтилар сериясига, 4 бор қўшимча вақтларга мурожаат қилинган. Финалларда жами 62 марта тўп дарвозаларга киритилган (пенальтилар сериасидан ташқари). Финал учрашувларига жами 287 048 томошабин ташриф буюрган.

Ўзбекистон Кубоги финаллари тарихидаги энг сўнгги гол муаллифи – Шерзод Аъзамов ҳисобланади (“Насаф”).

Ўзбекистон Кубоги финалларини энг кўп бошқарган ҳакам

Ўзбекистон Кубоги финал учрашувларини энг кўп бошқарган ҳакам Равшан Эрматов ҳисобланади. Равшан Эрматов шу пайтгача 2010, 2011, 2012, 2013, 2015 йиллардаги финал учрашувларини бошқарган. Равшан Эрматовгача финалларда кўп ишлаган ҳакамлар иккита бўлган, Гали имомов (4 марта) ва Ноил Лутфуллин (4 марта)

Бердиев учун мураббий сифатида тўртинчи финал

«Насаф» клуби учун навбатдаги финал ўз тарихидаги олтинчиси бўлади. Рўзиқул Бердиев эса бош мураббий сифатида ўз жамоасини финалда тўртинчи марта (2012, 2013, 2015, 2016 йиллар) майдонга олиб тушади. 2003 йилда бўлиб ўтган «Насаф» иштирокидаги финалда Рўзиқул Бердиев жамоанинг сардори сифатида майдонда ҳаракат қилган. 2011 йилдаги финалда эса, ёрдамчи мураббий бўлган.

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish