Жасур Абдураимов: «Футболчилар характер кўрсатишди»

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимов Австралия ёшлар терма жамоасига қарши ўйинда ўз характерини кўрсатгани учун футболчиларга рахмат айтди.

Манама. Баҳрайн.

Ўйиндан кейинги матбуот анжумани.

Австралия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимов ўз шогирдларининг характер кўрсатганини алоҳида айтиб ўтди.

“Бугун жуда қийин рақибга қарши ўйинда муҳим ғалабага эришдик. Ўйиннинг илк дақиқаларидан, то сўнгги дақиқаларгача майдонда қаттиқ кураш кечди. Иккинчи бўлимда жуда қийин вазииятларда жамоа ажойиб ўйин намойиш этди. Сўнгги дақиқаларгача курашган ва ўз характерини намойиш этган футболчилар билан фахрланаман. Бугунги ўйиндаги жасурлик ва матонат учун уларга раҳмат”, – деди Ўзбекистон U-19 терма жамоаси устози.

“Кейинги ўйинга эртадан тайёргарликни бошлаймиз. Кейинги ўйинда кимлар майдонга тушишини айта олмайман. Ўйинга яқин таркибни аниқлаймиз. Аммо, аниқ айтишим мумкинки, Хитойга қарши ўйинда майдонга тушадиган футболчиларнинг барчаси фақат ғалаба учун ўйнашади”.

“Биз рақиб танламаймиз. Аввал ҳам айтганимдек, ўзимизнинг ўйинларимиз ҳақида кўпроқ ўйлаймиз. Мақсадимиз ўйиндан ўйинга яхшироқ ва кучлироқ ўйин намойиш этиш. Плей-оффда ким билан ўйнашнинг аҳамияти йўқ. Ҳар қандай рақибга қарши ўйнай олиш керак. Рақиб танлаш яхши эмас. Бу нотўғри ва салбий оқибатларга олиб келадиган фикр”, – деди Абдураимов.

Уфук Талай (Австралия): “Бугун ўйинимиз қовушмади ва хатоларимиз эвазига имкониятни бой бердик. Ўзбекистон ҳимояда яхши ўйин намойиш қилишини ва бизга бугун гол уриш осон бўлмаслигини билар эдик. Хатоларимиз устида ишлаймиз ва навбатдаги ўйинда уларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз”.

 

Манба: the-uff.com

Javob berish