“Насаф-2” кичик дербида йирик ҳисобдаги ғалабасини нишонлади

Ўзбекистон Биринчилигида иштирок этаётган “Насаф-2” жамоамиз ўз майдонида Муборакнинг “Машъал-2” жамоасини қабул қилди.

Қашқадарё воҳасининг кичик дербиси мақомига эга бўлган ушбу учрашув жуда қизиқарли ва  муросасиз кечди.

Учрашувга старт берилгандан олдинга ташланган “Насаф-2” жамоамизнинг илк ҳужуми самара бермаган бўлсада, кейинги ҳужум орқали меҳмонлар дарвозасига тезкор гол киритилди. 2-дақиқадаёқ Ислом Кенжабоев томонидан ҳисоб очилди -1:0.

Ўз дарвозаларидан тезкор гол ўтказиб юборган “Машъал-2” жамоаси голдан сўнг икки марта жуда хавфли ҳужум уюштирди. Бу вазиятларда ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимиз Жавоҳир Комилов аниқ ҳаракат қилмаганида, ҳисоб тенглашиши ҳам мумкин эди. Меҳмонларнинг дастлабки ҳужумида Шокир Йўлдошев ўткир бурчак остида тўпни дарвозага йўллади, Комилов катта қийинчилик билан тўпни эгаллаб олишга эришди. Кейинги ҳужум аввалгисидан ҳам хавфли кўриниш олди, Йўлдошев яна дарвозамизга кучли зарба йўллади. Тўп Комилов қўлидан чиқиб кетди, бу вазиятда чаққон ҳаракат қилган ҳимоячиларимиз, тўпни жарима майдонимиздан узоқлаштиришди.

Ўйин ана шундай дербига хос тарзда шиддатли давом этаверди. Жамоамиз бугун ғалаба учун катта иштиёқ билан майдонга тушгани ҳар дақиқада сезилиб турди. 18-дақиқага келиб орадаги ҳисоб 2:0га етди. Яна Ислом Кенжабоев “Машъал-2” дарвозасини ишғол қилди. Бу сафар унинг дарвозага чиройли тарзда йўллаган зарбасини Раҳимжон Давронов қайтаришга ожизлик қилган эди -2:0.

Учрашувнинг 26-дақиқасига келиб ҳисоб йирик 3:0 кўринишга ўзгарди. Энди Ислом Кенжабоев аввалги икки голига нисбатан ҳам чиройли тарзда “Машъал-2” дарвозасини ишғол қилган эди – 3:0. Ислом Кенжабоев кичик дербининг биринчи бўлимидаёқ учта гол муаллифи бўлиб, хет-трик қайд этишга эришган эди.

Албатта меҳмонлар ҳам бу голлардан кейин асло бўшашганлари йўқ, уларнинг ташкил этган қарши ҳужумлари бир-биридан хавфли тус олаётган эди. Шундай ҳужумларнинг бири, яъни 34-дақиқада гол билан якунланди. Дарвозамиз олдидаги тиғиз ҳимояда  дарвозабонимиз бироз чалғиди шекилли, тўп дарвоза тўридан жой эгаллади. Голни 25-рақамдаги Бунёд Шодиев киритган эди -3:1. Шу ерда эслатиб ўтамиз, Бунёд Шодиев ҳам аввал жамоамизда тўп тепган.

Биринчи бўлим ана шу ҳисобда якунланди.

Иккинчи бўлим ҳам худди биринчи бўлим каби шиддатли ўтди. Жамоалар имкон пайдо бўлгандан олдинга ташланишди. Уюштирилган ҳужумлар ҳам жуда кескин бўлди.

55-дақиқага келиб “Насаф-2” яна бир имкониятга эга бўлди. Бу сафар улар 11 метрлик жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишган эди. Дарвоза томон тепилган тўп меҳмон жамоа ҳимоячиси қўлига тегиб, ўз йўналишини ўзгартирган вазиятда учрашув ҳаками жамоамизга 11 метрлик жарима тўпи тепишни кўрсатди. Тўп ёнига яна Ислом Кенжабоев келди, унинг тепган тўпи яна дарвоза тўрига бориб тушди – 4:1. Ҳа, бугун ислом Кенжабоевнинг бир ўзи голлари билан ўйин тақдирини ҳал қилган эди. У кичик дербида тўртта гол уриб, футбол ибораси билан айтсак,  покер қайд этган эди.

Иккинчи бўлимда мураббийлар ўз жамоалари таркибида кўплаб ўзгаришларни амалга оширишди. Бу ҳам ўйин темпини оширса оширдики, асло ўйин сурати сўнгги дақиқаларгача пасаймади.

74-дақиқада Ислом Кенжабоев ўзининг учрашувдаги бешинчи голини ҳам киритиши мумкин эди. Унинг жарима майдонига кириб бориб, дарвоза яқинидан йўллаган зарбасини дарвозабон эгалалб олишга эришди. У зарбани бироз бошқа томонга берганида, дарвозабон тўпни эгаллаб ололмас эди.

Учрашув тугалланиб бораётган бир пайтда энди меҳмонлар пенальти тепиш имкониятини қўлга киритишди. Аммо 11 метрлик жаримани дарвозабонимиз Жавоҳир Комилов қайтаришга эришди, “Машъал-2” жамоаси ўйинчиси Санжарбек Ахмедовнинг омади чопмади.

Шундай қилиб, кичик дербида Нурали Султонов шогирдлари ишончли ғалабани нишонлашди.

Шубҳасиз, Ислом Кенжабоев бу учрашувда ҳақиқий қаҳрамонга айланди. «Насаф» клуби қошидаги футбол мактабида тарбия топиб, шундай келажаги порлоқ ёшлар етишиб чиқаётганидан қанчалик ғурурлансак арзийди.

 

Ўзбекистон Биринчилиги – 2016, 30-тур

“Насаф-2” (Қарши) – “Машъал-2” (Муборак) 4:1 (3:1)

05.10.2016. “Насаф” ФМ майдони. Соат 16:15да

 

Бош ҳакам: Акобирхўжа Шукруллаев (Тошкент)

Ёрдамчи ҳакамлар: Жаҳонгир Абдураззоқов (Тошкент), Авазбек Абдуллаев (Тошкент)

Захира ҳаками: Найим Қосимов (Қарши)

Назоратчи: Константин Смирнов (Қарши)

 

Голлар: Ислом Кенжабоев, 2’-1:0, 18’-2:0, 26’-3:0, 55’(пен.) – 4:1 – Бунёд Шодиев, 34’-3:1.

 

Ноаниқ пенальти: Санжарбек Ахмедов 86.

 

“Насаф-2”: 1.Жавоҳир Комилов (с), 5.Ботиржон Тўраев (18.Жўрабек Маннонов 79), 8.Ислом Кенжабоев (28.Шахбоз Эркинов), 9.Шамсиддин Сагдуллаев (19.Жавоҳир Ашуров 46), 16.Ғолиб Ғайбуллаев, 17.Достонбек Бердиқулов, 20.Дилшод Саитов, 22.Акмалжон Олимов (42.Худоёрхон Сагдуллаев 88), 24.Наврўзжон Изатиллаев, 32.Илҳомжон Алижонов (10.Сирожиддин Еттибоев 69), 24.Шерзод Насруллаев.

Захира: 27.Отабек Бозоров, 33.Шоҳруҳ Неъматов.

 

 

“Машъал-2”: 1.Раҳимжон Давронов (с), 2.Муҳаммаджон Тошпўлатов (24.Ҳусниддин Алиқулов 89), 5.Дониёр Умаров, 8.Аҳроржон Иноятов, 9.Нодирбек Ибрагимов, 10.Санжарбек Ахмедов, 11.Шокир Йўлдошев (22.Шахзодбек Убайдуллаев 84), 17.Носирбек Эронов (15.Оллоёрхон Раупов 79), 19.Обид Маматов (18.Сухроб Исматов 71), 20.Мақсуджон Махмудов (7.Сунатилло Рустамов 46), 25.Бунёд Шодиев.

Захира: 30.Ҳусан Олимжонов, 14.Мухриддин Ризванов.

 

Огоҳлантириш: Муҳаммаджон Тошпўлатов 13.

Манба: fcnasaf.uz

 

Javob berish