Рўзиқул Бердиев: «Бугунги ўйинга тузган режамиз амалга ошди ва ғалабага эришдик»

Ўзбекистон Кубоги-2016нинг дастлабки финалчиси аниқ бўлган бугунги «Бухоро» – «Насаф» 1:2 учрашувидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида жамоамиз бош  мураббий Рўзиқул Саъдуллаевич ўйин ҳақидаги фикларини билдириб ўтди.

-Аввало мухлисларимизни ва футболчиларимизни финалга чиққанимиз билан табриклайман. Мухлисларимизга ҳам футболчиларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Энди бевосита ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, бугунги ўйинда биз фақат ғалаба учун майдонга тушган эдик, бунга эришдик. Албатта, ўйин биз учун анча қийин бўлди, чунки биз олдиндан билар эдик, “Бухоро” жамоаси, бугун бор кучи билан асосан ҳужумда ўйнашини, ўйин шундай ҳам бўлди. Аммо биз рақибимизни қарши ҳужумларда жазолай олдик. Бу бизларнинг ўйинга тузган режамиз эди, биз бунга эришдик.

Красич бугун ўзининг ҳиссиётини жиловлай олмади, у бизни оғир аҳволга солиб қўйди. У бундай вазиятда ўзини назорат қилиши керак эди.

Жамоага номдор ўйинчиларни таклиф қилиш ва йиғиш осон. Аммо улар иштирокида ўйинни ташкил этиш ёки жамоани мазмунли ўйин кўрсатиши ва яна мухлисларбоп ўйинни намойиш этиш бу – кўпроқ мураббийларнинг иши. Баъзан шундай бўладики, жамоага кучли футболчилар йиғиб олинади, аммо бу жамоа кутилган натижага эриша олмайди. Бу кўпроқ мураббийларга боғлиқ. “Бухоро” жамоасида бизга нисбатан жуда кўп номдор футболчилар бор. Тўғри, баъзи ўйинларда жамоа яхши ўйин намойиш этди, аммо ҳамма ўйинларда эмас. Масалан, “Бухоро” бизга қарши тўртта ўйин ўтказди, энди натижалар сизларга маълум. Ўйлайманки, биз жамоавий ўйин билан рақибимизни мағлуб этишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу менинг шахсий фикрларим, “Бухоро” жамоаси муарббийларининг ишига аралашишдан эса йироқман.

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish