ФИФА рейтинги: Ўзбекистон 49-ўринга кўтарилди

ФИФА миллий терма жамоаларининг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ойда эгаллаб турган ўрнидан 6 поғона юқорилаган ҳолда, рейтингнинг 49-поғонасидан жой олди.

Маъулмот учун, аввалги ойда, Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги терма жамоа 3та учрашувда майдонга тушди. Дастлаб, ўртоқлик учрашувида Буркина-Фасо терма жамоаси мағлуб этилган бўлса, кейинчалик, ЖЧ-2018 саралаши доирасида Сурия ҳамда Қатар терма жамоалари мағлуб этилди.

Осиё қитъаси рейтингини эса, жаҳон рейтингининг 37-поғонасидан жой эгаллаган Эрон миллий терма жамоаси бошқариб бормоқда. Эрондан кейинги ўринларда эса, Австралия (45) ҳамда Жанубий Корея (47) терма жамоалари бормоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидаги рақиблари орасида Хитой (78) ҳамда Қатар (85) терма жамоалари кучли юзликдан ўрин олган бўлсалар, Сурия терма жамоаси айни мазкур рейтингда 114-ўринда бормоқда.

МДҲ ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари орасида эса, Ўзбекистон Украина (29) ва Россия (38) терма жамоаларидан кейинги ўринни эгаллаб турибди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги бор 2007 йилда Жаҳон рейтингида кучли 50та терма жамоа қаторидан ўрин олган эди.

Жаҳон рейтингини эса, айни дамда Аргентина терма жамоаси бошқариб турибди. Рейтингнинг кучли учлигини Бельгия ҳамда Германия терма жамоалари тўлдиришган. Рейтнингнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА расмий сайтидатанишиш мумкин.

Манба: the-uff.com

Javob berish