Ёшлар лигаси. “Насаф” “Бухоро”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Бугун “Насаф” ёшлари 21-тур доирасидаги учрашувни “Бухоро” жамоаси ёшларига қарши ўтказишди.

Учрашув Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И.А.Каримов хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.

Бугунги учрашувда кўпдан буён майдонда кўринмай қолган Одилжон Ҳамробеков ҳам дастлабки дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. Ҳамробеков бугун ёшларимизга яқиндан ёрдам берди.

Учрашув кутилганидек майдон эгаларининг ташаббуси билан бошланди. Улар илк дақиқаларданоқ майдондаги устунликни ўз қўлларига олишди.

Ёшларимизнинг тўлиқ устунлигида ўтган биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларигача дарвозалар даҳлсизлиги сақланиб турди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган қўшимча дақиқалар бошланган 45+1-дақиқада ҳисобни очиш ёшларимизга насиб этди. Учрашувдаги дастлабки голни бугунги учрашувда астойдил тер тўккан Ислом Кенжабоевга насиб этди – 1:0.

Биринчи бўлим ана шу ҳисобда якунига етди.

Иккинчи бўлимни ҳам ёшларимиз кўтаринки руҳда бошлашди. Улар кетма-кет ҳужумлар уюштиришиб, меҳмонларни жуда саросимага солиб қўйишди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бугун  Ислом Кенжабоев жуда мазмунли ўйин намойиш этди. Унинг майдонни чап қанотидаги тезкор ҳаракатлари ва чиройли ўйинлари стадионга йиғилган мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. Учрашувнинг 66-дақиқасидаги ташкил этилган ҳужумда у ҳимоячиларни доғда қолдириб, рақиб жарима майдонига  кириб борди, уни тўхтатишга ожиз бўлган “Бухоро” жамоаси ҳимоячиларидан бири чалиб йиқитди. Ҳакам иккиланмасдан 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Пенальтини Дилшод Хушбаков бехато амалга ошириб, голга айлантирди – 2:0.

Бу ҳисоб ёшларимизни кучига куч қўшгандек бўлди, шундай ҳам майдонда устунлик қилаётган ёшларимиз рақиб дарвозаси томон ҳужумларни янада кўпайтирди. Албатта бу самара бермасдан қолмади. Ўйиннинг 84-дақиқасида Сардор Саъдуллаев ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди – 3:0. Ушбу голда ҳам Ислом Кенжабоевнинг ёрдами катта бўлди.

Учрашув тугалланиб бораётган бир паллада, аниқроғи 89-дақиқа бошида майдонга тушган Илҳом Алижонов бир дақиқа ўтмасданоқ ўз жамоасининг 4-голига муаллифлик қилди – 4:0.

Шундай қилиб, “Насаф” жамоаси ёшлари яна бир йирик ҳисобдаги ғалабасини нишонлашди. Эслатиб ўтамиз, ўтган турда ҳам ёшларимиз сафарда “Қўқон-1912” ёшларини худди шу ҳисобда доғда қолдиришган эди.

Бу ғалаба билан ёшларимиз ўз ҳисобидаги очколар сонини 31тага етказиб олишди ва бир поғона юқорида бораётган “Бухоро” ёшларини қувиб ўтишиб, еттинчи поғонадан жой эгаллашди.

Энди ёшларимиз навбатдаги 22-тур учрашувини сафарда “Андижон” ёшларига қарши ўтказишади. Учрашув 16 сентябр куни бўлиб ўтади.

 

Ёшлар лигаси, 21-тур. 08.09.2016.

“Насаф” (Қарши) – “Бухоро” (Бухоро) 4:0 (1:0)

Қарши ш., Ёшлар қароргоҳи стадиони. 17:00да

 

Бош ҳакам: Бахтиёр Юльчараев (Гулистон)

Ҳакамлар: Сухроб Сатторов (Шахрисабз), Зуфар Элибоев (Қарши), Фирдавс Норсафаров (Қарши).

Назоратчи: Г.Имамов (Тошкент).

 

Голлар: Ислом Кенжабоев, 45+1’-1:0, Дилшод Хушбаков (пен.), 66’-2:0, Сардор Саъдуллаев, 84’-3:0, Илҳом Алижонов 89’-4:0.

 

“Насаф”:  30.Умиджон Эргашев (13.Музаффар Шарипов 65), 7.Акмалжон Олимов, 14.Шароф Муҳитдинов (43.Шохрух Неъматов 88), 15.Азамат Алланиёзов (45.Шерзод Насруллаев 80), 16.Дилшод Хушбаков, 22.Ислом Кенжабоев (4.Илҳомжон Алижонов 89), 28.Сардор Саъдуллаев, 32.Абдулазиз Нишонбоев, 33.Одилжон Ҳамробеков (38.Жаҳонгир Қурбонбоев 62), 34.Ильдар Маматказин (5.Раҳимбек Жавлиев 86), 41.Нажмиддин Нормуродов (с) (36.Акмал Мозговой 76).

Захира:

 

“Бухоро”: 30.Асилбек Аманов, 2.Миркамол Жумаев, 3.Тулқинжон Умаров, 4.Наримон Ҳасанов, 5.Саиддастон Фозилов (24.Элшод Дилмуродов 75), 6.Сардор Сулаймонов (15.Муҳаммад Тимуров 66), 7.Ислом Холиқов (22.Бекзод Идиев 80), 10.Мирфайз Муҳиддинов, 14.Нодиржон Давлатов (21.Шуҳрат Салимов 46), 17.Жалолиддин Убайдуллаев, 77.Феруз Муинов (9.Хуршид Олимов 46).

Захира:

 

Огоҳлантириш: Нажмиддин Нормуродов 43, Акмал Мозговой 86.

 

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish