Ярим финалнинг дастлабки учрашувида “Насаф” ғалаба қозонди

Қаршида Ўзбекистон Кубоги-2016 ярим финалининг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди. Унда “Насаф” жамоаси Бухоронинг “Бухоро” жамоасини қабул қилди.

Қизиқарли ўтиши кутилаётган учрашувда ҳар иккала жамоа футболчилари чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этишди. Стадионга ташриф буюрган мухлислар ҳам муросасиз футбол баҳсига гувоҳ бўлишди.

Учрашув кутилганидек “Насаф” жамоасининг ташаббуси билан бошланди. Улар ўйин бошиданоқ тезкор гол уриш пайида кетма-кет ҳужумлар ташкил қилишди.

Ўйиннинг 11-дақиқасида кутилмаганда “Бухоро” жамоасининг дарвозабони Сардор Қобулжонов оёғидан оғир жароҳат олиб майдонни тарк этди ва меҳмонлар таркибида мажбурий ўйинчи алмаштириш юзага келди. Унинг ўрнига майдонга Муҳиддин Худоёров тушди.

Жамоамизнинг майдондаги фаол ҳаракатлари эвазига 16-дақиқага келиб ҳисобда олдинга ўтиб олинди. Бу пайтда жамоамиз бурчакдан тўпни ўйинга киритди, тўпни ҳимоячилардан бири боши билан майдон ташқарисига чиқариб юбормоқчи бўлди. Аммо дарвоза яқинида турган Фозил Мусаев тўпга оёқ қўйиб қолди, тўп дарвоза тўридан жой олди – 1:0 (видео). Ушбу гол Мусаевнинг бу йилги кубок баҳсларидаги илк голи сифатида қайд этиладиган бўлди.

Ўйин сурати ушбу голдан кейин жуда юқори бўлди. Жамоамиз футболчилари голдан руҳланиб, яна ҳужумларга зўр берган бўлса, меҳмонлар ҳам имкон пайдо бўлгунча,  ҳисобни тенглаштириш учун қарши ҳужумлар ташкил қилишди.

Бари-бир майдондаги устунлик ўз сўзини айтди. 29-дақиқага келиб, жамоамиз орадаги ҳисобни 2:0га етказди. Бу вазиятда Азиз Ғаниев жарима майдонидан узоқроқда тўпни ўйинга киритди. Унинг дарвозага кучли тепган тўпини дарвозабон Худоёров эгаллаб олишда хатога йўл қўйди. Тўп унинг қўлидан чиқиб кетди. Вазиятга яқин турган Игорь Голбан чаққонлик билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди – 2:0 (видео). Шундай қилиб, Игорь Голбан жамоамиз сафидаги кубок баҳсларида ўзининг иккинчи голини киритди.

Биринчи бўлимнинг қолган дақиқалари ҳам кескин курашлар остида кечди, аммо бу ҳисобда акс этмади. Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида жамоамиз фойдасига ҳал бўлди.

Иккинчи бўлимда “Бухоро” жамоаси бор эътиборини ҳужумга қаратди. Мураббийларнинг иккинчи бўлимдаги таркибда қилган ўзгаришлари ҳам самара берди. Улар майдонда анча фаол бўлишди.

Меҳмонлар ҳисобни қисқартириш учун майдонда анча тер тўкишди. Жамоамиз ҳимоячилари эса уларнинг ҳужумларига муносиб туриб беришди ва дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қолишди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан икки кун аввал “Пахтакор” жамоасига қарши ўйинда футболчиларимиз катта куч сарф қилишган эдилар. Улар шу ҳафтанинг ўзида яна бир учрашув ўтказишади. Шунинг учун жамоамиз қолган дақиқаларда бир-иккита хавфли вазиятлар содир қилишдан ташқари, кучларини ҳам аяшди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон кубоги ярим финали дастлабки учрашувида жамоамиз 2:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди. Мазкур жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви, 21 сентябр куни Бухорода бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Кубоги, ½ финал дастлабки учрашуви

“Насаф” (Қарши) – “Бухоро” (Бухоро) 2:0 (2:0). 5221 томошабин

22.08.2016. “Марказий” стадион. 20:00да

 

Бош ҳакам: Владислав Цейтлин (Тошкент) -8,8

Қанот ҳакамлари: М. Саидқосимов (Тошкент)-8,6, А.Цапенко (Тошкент вил.)-8,6

Захира ҳаками: Н. Қосимов (Қарши)-9,0

Назоратчи: Д. Роман (Тошкент).

 

Гол: Фозил Мусаев, 16’-1:0, Игорь Голбан, 29’-2:0.

 

“Насаф”: 25.Элдорбек Суюнов, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 22.Игорь Голбан, 23.Шерзод Аъзамов (с), 6.Азиз Ғаниев (4.Мақсуд Каримов 89), 31.Сайдулло Раҳматов (38.Дониёр Нарзуллаев 84), 18.Баҳром Абдураҳимов, 28.Фозил Мусаев, 34.Фарруҳ Сайфиев, 45.Бобир Абдухолиқов (27.Ислом Рашидхонов 64), 69.Драган Черан.

Захира: 35.Санжар Қувватов, 5.Ильдар Маматказин, 15.Шахбоз Эркинов, 24.Огнен Красич.

 

“Бухоро”: 20.Сардор Қобулжонов (1.Муҳиддин Худоёров 11), 8.Саламат Қуттибоев, 10.Шавкат Саломов, 16.Артём Филипосян, 18.Баҳодир Пардаев, 23.Александр Мерзляков, 33.Бобиржон Амонов, 55.Шавкат Муллажонов, 61.Азиз Ибрагимов (70.Вадим Чемиртан 46), 85.Руслае Мельзиддинов (19.Жасур Ҳасанов 78), 87.Алишер Саноев.

Захира: 7.Суҳроб Неъматов, 11.Санъат Шихов, 17.Жалолиддин Убайдуллаев, 93.Максимилиан Фомин.

 

Огоҳлантириш: Фозил Мусаев 7, Элдорбек Суюнов 87, Драган Черан – Шавкат Саломов 7, Азиз Ибрагимов, 45+2.

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish