“Насаф-2” мавсумдаги илк ғалабани қўлга киритди

XXV Ўзбекистон биринчилигида иштирок этаётган “Насаф-2” жамоамиз бугун ўз майдонидаги илк учрашувни ўтказди. Улар Урганч шаҳрининг “Хоразм” жамоаси билан куч синашди.

Учрашув бошланиши олдидан стадионимизда янги мавсумнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида ҳар иккала жамоа футболчилари майдонда саф тортишди.
Учрашувда “Насаф” ПФК бош менеджери Шамил Ярулин, клубимиз спорт директори Виталий Ни ҳамда  асосий жамоамиз бош мураббийи Рўзиқул Бердиевлар ҳозир бўлишди ва ўйинни тўлиқ кузатишди.
Тантанали маросимдан сўнг учрашувга старт берилди.
Учрашув бошиданоқ жамоамиз ўйинчилари олдинга ўтишга ҳаракат қилишди. Майдонда кескин курашлар борган сари авж олди. Бунга меҳмонлар вакилининг 15-дақиқадаёқ ҳакам томонидан огоҳлантирлгани  яққол мисол бўла олади. Биринчи бўлим аввалида жамоамиз томонидан рақиб дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятлар содир этилган бўлсада, “Хоразм” жамоаси ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди.
Учрашувнинг 20-дақиқасида “Хоразм” жамоаси жарима майдонида ўйинчиларимизнинг бирига кўрсатилган қўполлиги учун 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Афсуски, жамоамиз ҳисобда олдинга ўтиб олиш имконидан фойдалана олмади. Жарима тўпини ҳужумчимиз Аслиддин Абдиев голга айлантира олмади.
Вақт ўтган сайин ўйин суръати янада ошиб борди, меҳмонлар ҳам қарши ҳужумлар уюштириб, жамоамиз жарима майдонида хавфли вазиятлар ташкил қилишди, аммо бу вазиятларда ҳимоячиларимиз яхши ҳаракат қилишб, хавфни бартараф этишга эришишди.
Учрашувнинг 40-дақиқасида ўйиндаги ҳисоб очилди. Аслиддин Абдиев дарвозага тепган зарбасини Ғайрат Удаев қайтаришга эришди, қайтган тўпни эса Илҳомжон Алижонов дарвозага жойлаб қўйди -1:0.
Биринчи бўлим ана шу ҳисобда якунланди.
Иккинчи бўлим бошиданоқ жамоамиз ташаббусни ўз қўлларида ушлаб туришди. Дастлаб, уларнинг кетма-кет ташкил этган ҳужумлари самара бермади. Бир неча қўлай вазиятларда ҳужумчиларимизга гол уришда аниқлик етишмди.
Ўйиннинг 76-дақиқасига келиб, бари-бир ўйинчиларимиз мақсадларига етишди. Илҳомжон Алижонов яна гол муаллифига айланди, ушбу ўйинчимиз бугун мавсумдаги илк дублини қайд этди – 2:0.
Қизиқарли ўтган учрашувда дарвозаларга бошқа голлар киритилмади. Шу жойда меҳмон жамоа“Хоразм” ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтиш жойиз. Уларнинг ўйинда кўрсатган чиройли ҳаракатлари стадионга ташриф буюрган мухлисларда ажойиб таасуротлар қолдирди. Демак, Хоразмда ҳам иқтидорли ёш футболчилар вояга етмоқда.
Шундай қилиб, Нурали Султонов шогирдлари мавсумдаги илк ғалабани қўлга киритишди. Умид қиламизки, бундай ғалабалар давомли бўлади.
“Насаф-2” жамоамиз навбатдаги 4-тур учрашувини ҳам ўз майдонида ўтказади. Учрашув 20 апрел чоршанба куни Нукуснинг “Орол” жамоасига қарши бўлади.
Қуйида учрашув қайдномаси билан танишишингиз мумкин:
Ўзбекистон биринчилиги 3-тур.
“Насаф-2” (Қарши) – “Хоразм” (Урганч)  2:0 (1:0)
“Насаф” ФМ сунъий майдони. 16:00да
Гол: Илҳомжон Алижонов, 40’-1:0, 76’-2:0
Пенальти: Аслиддин Абдиев, 20(ноаниқ)
Бош ҳакам: Анотолий Рубаков (Тошкент)
Ҳакамлар: С.Ҳакимов (Самарқанд), А.Буров (Бухоро), А.Калинин (Қарши).
Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).
“Насаф-2”: 1.Жавоҳир Комилов (с), 5.Ботиржон Тўраев, 8.Акмалжон Олимов, 9.Шамсиддин Сагдуллаев, 10.Сирожиддин Еттибоев, 17.Достон Бердиқулов (28.Дилшод Саитов 44), 18.Жаҳонгир Қурбонбоев (27.Худоёрхон Сағдуллаев 84), 19.Аслиддин Абдиев (22.Ойбек Бозоров 90+1), 23.Самандар Шукруллаев (20.Отабек Комилжонов 88), 32.Илҳомжон Алижонов (16.Элбек Отақулов 90+3), 34.Ғолиб Ғайбуллаев.
Захира: 21.Музаффар Шарипов, 33.Шоҳруҳ Сафаров.
“Хоразм”: 35.Ғайрат Удаев, 3.Бекзод Ражабов (16.Санжарбек Рўзимбоев 46), 2.Бобур Абдуллаев, 4.Жасур Отажонов, 5.Тимур Исмоилов (6.Ҳамро Қодиров 86), 7.Марс Қурбонбоев (10.Тимур Бекжанов 63), 8.Мерос Карлибоев (11.Ербол Сайтназаров 86), 9.Азамат Илёсов, 12.Сардор Матмуродов, 15.Илёс Хайров, 17.Илҳом Олимов.
Захира: 1.Равшан Жуманиёзов, 13.Низомитдин Отаниёзов, 14.Руслан Эгамбердиев.
Огоҳлантиришлар: Дилшод Саитов 64, Ботиржон Тўраев 71 – Бекзод Ражабов 15, Санжарбек Рўзимбоев 71.

Манба: fcnasaf.uz

Javob berish